ЎзА Ўзбек

25.07.2018 10:15 Чоп этиш версияси

Қадим саройлар тарихдан сўйлайди

Қадим саройлар тарихдан сўйлайди
Дунёда шундай саройлар борки, уларнинг гўзаллигига, ҳашамлигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Улардан айримлари ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Дунёдаги энг йирик сарой Хитой пойтахти Пекинда жойлашган бўлиб, Гугун, яъни “Тақиқланган шаҳар” деб юритилади.

photo5386654236848269536.jpg


Гугун XV аср бошларида бунёд этилган. Шу даврдан ХХ асрга қадар 24 нафар Хитой императори бу ерда қишни ўтказган. Сарой мажмуасига оддий халқнинг кириши мутлақо тақиқланган. Гугун шаҳардан ҳандақ ва 10 метрлик девор билан ажратиб қўйилган.

Пекиндаги сарой Европадаги шу каби қасрлардан тубдан фарқ қилади. Хитойликларнинг ақидасига кўра, саройда 9 минг 999 та хона ва яна яримта хона бор. 9 рақами хитойликлар учун муқаддас ҳисобланади. Ривоятларга кўра осмон ҳукмдорининг 10 мингта хонаси бўлиб, Хитой ҳукмдорлари 10 мингта хонага эга бўлишлари керак эмас экан. Шу сабабли ҳам 9 минг 999 яримта хона қурилган. Тарихчиларнинг сўзларига қараганда, айни дамда Гугунда 8 минг 707 та хона бўлиб, улар битта бинода эмас, балки “Тақиқланган шаҳар”нинг 720 минг квадрат метрлик майдонидаги ўнлаб биноларда жойлашган.

Таиланд Қиролининг Катта саройидан ташқари Бангкокда Қирол Рама Бешинчининг ёзги қароргоҳи бўлмиш Виманмек саройи ҳам мавжуд. 

photo5386654236848269537.jpg

Бу сарой Сичанг оролида 1900 йилда қурилган бўлиб, орадан бир йил ўтиб, бузилган ва худди шу кўринишда Бангкокда бунёд этилган. Бангкокдаги сарой қурилишида битта ҳам мих ишлатилмаган. Сарой меъморчилигида ғарбона усуллар акс этган. Чунки қирол Рама V ўзига қароргоҳ қуриш борасида буюртма беришидан аввал Европа мамлакатлари бўйлаб сафарда юрган ва кўплаб қиролларнинг саройларини диққат билан ўрганган. Саройда 81 та хона бўлиб, улардан атиги 30 тасига кириш мумкин. Шунда ҳам саройга ялангоёқ кириш керак бўлади. Ярим ялонғоч сайёҳларнинг бу ерга кириши мутлақо тақиқланган. Шунингдек, сарой ичида суратга тушиш ва тушириш ҳам мумкин эмас.

Бруней султонининг қасри ҳам диққатга сазовор. “Истана Нурул Иман” деб юритиладиган мазкур сарой ичкариси олтин ва мармар билан безатилган. 

photo5386654236848269538.jpg

Замонавий қаср қурилиши учун 1,4 миллиард доллар сарфланган. 1984 йилда қурилган бу саройда Брунейнинг ҳозирги султони истиқомат қилади. 18та лифтли саройда 1 минг 778 хона ва бир нечта махсус маросим ва парадлар ўтадиган заллар бор.

Букингем саройи XVIII аср бошларида Букингем герцоги учун бунёд этилган. Аммо 1762 йилда саройни Қирол Георг III сотиб олади ва шу кунга қадар қаср бир неча бор ўзгартирилади. 

photo5386654236848269539.jpg

Айни дамда 775 хонаси бор сарой 1847 йилдан бери Буюк Британия қирол ва қироличаларининг расмий қароргоҳи сифатида кўрилади. Тўғри, аньанага кўра, ҳар йили июль ойи охирларидан сентябрь сўнггига қадар Елизавета II бу уйни тарк этади. Шу давр мобайнида сайёҳлар саройни томоша қилиш имкониятига эга бўладилар. Букингем саройини кичик шаҳарча деб аташ мумкин. Бу ернинг ўз полиция бўлими, шифохонаси, иккита почта бўлими, барлари, клуб, кинотеатр ва бассейни бор. Бундан ташқари, қасрда 700 киши иш билан таъминланган.

Париж яқинидаги Версал саройи ва парки ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бино Людовик XIV раҳбарлигида қурилган. 

photo5386654236848269540.jpg

Европа ҳукмдорлари ва киборлари бу муҳташам бинога ҳавас ва ҳасад билан қарашгани айтилади. Версал мажмуаси 1830 йилда музейга айлантирилган.

Мадриддаги Қироллик саройи Людовик XIVнинг набираси Филипп V таклифи билан қурилган. 

photo5386654236848269541.jpg

Бироқ Испания тахтига чиққан қиролнинг орзуси кейинроқ – 1738 йилдан 1764 йилга қадар амалга ошди. Илк бор саройга қирол Карл III қадам босди. Бугунги кунда мазкур сарой Мадриддаги энг зўр музей ва Испания қиролларининг қароргоҳи саналади.

Африкада, жумладан, Марокашда ҳам қироллик саройи борлигини, аммо у ерга сайёҳларнинг кириши мумкин эмаслигини эслатиб ўтамиз. 

photo5386654236848269542.jpg

Ер юзидаги энг қадимий қароргоҳлардан бири Бухородаги Арк эканини, шунингдек, Шаҳрисабздаги Оқсарой, Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги тарихий ёдгорликлар ҳам Европадаги саройлардан асло қолишмаслигини, ҳатто улардан ҳам аввал ва аъло даражада қурилганини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

photo5386654236848269543.jpg

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
5 498