Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 19:58 Чоп этиш версияси

Қадим Самарқанд сари фараҳбахш парвоз

Қадим Самарқанд сари фараҳбахш парвоз Куни кеча, аниқроғи, 28 июль тонгида Ватанимиз пойтахти сўлим Душанбедан Ўзбекистоннинг қадим ва ҳамиша навқирон шаҳри – Самарқандга узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна самолёт парвоз қилди.

Самарқанд сари фараҳбахш парвоз халқларимизга яна бир олам қувонч бағишлади.

Минглаб кўзларда яна севинч ёшлари ҳалқаланди.

Узоқ йиллар бир-бирига талпинган сўлим шаҳарлар қалби бу кун яна туташди.

* * *

Бир гуруҳ журналистлар, "Тожик Эйр" миллий авиакомпанияси раҳбарияти ва йўловчилар минган "Boeing 737-300" самолёти Душанбедан ҳавога кўтарилганида соат саккиздан ўттиз дақиқа ўтган эди. Чиндан ҳам халқларимизнинг хурсанд бўлганича бор. "Душанбе – Самарқанд" ҳаво йўли қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг қайта тикланиши таҳсинга сазовордир. Азалдан тожигу ўзбек ҳақида гап кетганда "қон-қариндош", "эт билан тирноқ", "қондошу жондош" каби сўзлар ҳеч бир муболағасиз ишлатилади, ахир.

2 (1).jpg 

Дарҳақиқат, урфу одатлари, турмуш тарзи, дину мазҳаби бир бўлган тожигу ўзбекни икки тилда сўзлашувчи бир халқ, дейишади. Бир халқни эса ҳеч қачон ҳеч ким иккига ажрата олмайди. Асрларнинг мураккаб синовларида тобланган бу дўстлик ҳамиша ўз кучида қолган.

Шўролар салтанати ўрнида юзага келган мамлакатлар ўз мустақиллигини эълон қилгач, бу давлатларда тикланиш ва тараққиёт босқичи жуда оғир кечди. Қўшни давлатлар турли сабабларга кўра бир-биридан узоқлашди. Бугун Тожикистон – Ўзбекистон муносабатлари икки доно раҳбарнинг оқил ва доно сиёсати натижаси ўлароқ, яна юксак поғонага кўтарилгани ғоят қувончлидир.

Жорий йилнинг март ойида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси –Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Имомали Раҳмон ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев Душанбега ташриф буюрди.

Тарихий деб таърифланган бу ташриф чоғида икки давлат ва халқ манфаатлари учун муҳим ҳужжатларга имзо қўйилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ташриф ҳақиқатдан ҳам тарихий бўлиб, унда дўсту биродар бўлган Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида йиллар давомида тўпланиб қолган барча муаммолар ўз ечимини топди.

Ўзбекистон сарвари эса бу борада сўз юритиб, икки давлатнинг бир-бирига очилаётган дарвозалари ҳеч қачон ёпилмайди, дея таъкидлади.

– "Душанбе – Самарқанд" ҳаво йўлининг очилиши ҳам икки Президентнинг тарихий учрашуви мевасидир, – дейди "Тожик Эйр" миллий авиакомпанияси бош директори Хайрулло Раҳимов. – Ўйлайманки, бу эзгу иш узоқ йиллар икки халқ манфаатига бирдек хизмат қилади.

* * *

Соат тўққизга яқинлашар экан, стюардессанинг эълонидан хаёл бўлинди.

"…Саноқли дақиқалардан сўнг самолётимиз қадимий Самарқанд шаҳри аэропортига қўнади".

Тобора пастлаётган самолёт иллюминаторидан ерга қарайман. Моҳир мусаввир чизиб қўйгандек аниқ-тиниқ ажиб манзаралар: қатор уйлар, дарёлар, машиналар, одамлар тобора кўзга яқин кўрина бошлайди. Хаёлни Самарқанднинг бетакрор мўъжизалари эгаллайди.

Самарқанд хаёли!.. Шоир таъбири билан айтганда, бу хаёл жуда ҳам сирли ва жозибали!..

4 (1).jpg 

Руҳимни Самарқанд хаёли чулғади…

Мен бундан қарийб ўттиз йил олдин, аниқроғи, талабалик давримда келганман бу шаҳарга. Шу боис ҳам кўз олдимда дарҳол таниш манзаралар жонланди.

Самарқанд – неча йиллардан буён дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган беназир шаҳар. Унинг тарихи ҳақида қанча-қанча китоблар битилган. Сиру синоатларга бурканган Самарқанд ҳақида гапирганда, ҳар гал янги фикр айтиш мумкин, мустақиллик йилларида тобора сайқал топаётган кўҳна шаҳар, эҳтимол, шу боисдан ҳам сирлидир, синоатлидир.

Самарқанддай қутлуғ бу диёрга бир замонлар Ҳазрат Навоийнинг муборак қадами теккан. Бобур Мирзо от чоптирган бу ерларда, тиниқ осмонларида Улуғбекдай даҳолар юлдуз санаган…

Неча-неча валийлар, авлиёлар хоки пойини ўз бағрида сақлаб келаётган бу тупроқ нақадар азиз!

Тўққиздан бешта ўтганда, яъни ўттиз беш дақиқа деганда Самарқанд заминига қўндик.

Тожикистон ва Ўзбекистон авиакомпаниялари раҳбарларининг қисқа учрашувидан кейин биз, журналистлар ўзимизга ажратилган катта автобусда шаҳарнинг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойларини томоша қилишга жўнадик.

* * *

Зиёратни Хўжа Дониёр мақбарасидан бошладик. Дониёр пайғамбар қабри Самарқанднинг машҳур тарихий обидаларидан бири бўлиб, шаҳарнинг кунчиқар тарафида жойлашган.

Сайёҳларни мақбара ва Ҳазрати пайғамбар тарихи билан таништираётган мутахассиснинг айтишича, бу пайғамбар Самарқандда яшамаган экан. Саркарда Амир Темур унинг хокини Ироқдан кўчириб олиб келган. Айтишларича, Дониёр пайғамбарнинг хоки пойи қўнган заминда уруш бўлмас эмиш. Шунинг учун ҳам Соҳибқирон уни ўз давлатининг пойтахти бўлмиш Самарқандга олиб келган, деган гаплар бор.

Пайғамбар қабри устидаги мақбара ХХ асрда қурилган. Унинг ёнида 650 йил бурун экилган писта дарахти яшнаб турибди. Кўҳна дарахт олдида эсдалик учун суратга тушдик.

Мақбара пастроғида яна бир кичикроқ мақбара жойлашган бўлиб, унинг ичида булоқдан сув сизиб чиқиб турар экан. Бу ширин, шифобахш сувдан ҳар бир сайёҳ тўйиб-тўйиб ичмоқда. Биз у ерда Ўзбекистоннинг турли минтақалари ва жаҳоннинг турфа мамлакатларидан келган кишилар билан ҳамсуҳбат бўлдик.

Шаҳарнинг яна бир буюк обидаси бўлмиш Амир Темур мақбарасига борганимизда соат ўн бирга қараб кетмоқда эди. Зиёратгоҳда сайёҳлар, айниқса, хорижлик меҳмонлар жуда кўп экан.

Самарқанднинг осори-атиқалари орасида Амир Темир зиёратгоҳи ўзига хос ўрин тутади… Неча йиллар жаҳонга довруғ таратиб ўтган Соҳибқирон тарихи чиндан ҳам дунё аҳли эътиборини ўзига тортади. Шунинг учун Ўзбекистонга келган меҳмон борки, ушбу маскан зиёратига ошиқади. "Гўри Амир" номи билан танилган ушбу мақбара бутун жаҳонга машҳурдир. Мақбара Шарқ меъморлигининг энг ноёб асарларидан бири сифатида эътироф этилади.

Биз шаҳарнинг буюк ансамбли – Регистон томон йўл олдик.

Регистон… Бу масканни шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир киши кўришга ошиқади. Регистон ансамбли – ҳақиқий санъат асари. Уч мадрасани ўзида мужассам қилган бу санъат дурдонаси кўзи тушган одамга гўё кўҳна тарихдан афсоналар сўзлайди.

"Регистон" асли форс-тожикча сўз бўлиб, "қумлоқ жой" деган маънони билдиради. Манбаларда ёзилишича, ўрта асрларда ҳамма катта шаҳарлар марказлари Регистон, деб аталар экан. Самарқанд Регистони эса Марказий Осиёдаги энг салобатли ва виқорли майдон саналган.

Ўзбекистон мустақиллиги даврида бу тарихий обидага янада сайқал берилганини йиллар ўтиб уни иккинчи марта кўрган одам дарҳол пайқаши, шубҳасиз. Бунинг боиси бор, албатта. Истиқлол йилларида нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги улкан маданий тадбирлар айни мана шу муҳташам майдонда ўтказиляпти. "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали сўзимизнинг исботидир. Ансамбль мадрасаларини томоша қилар эканмиз, кўз ўнгимда кўҳна тарих жонланади: бу мадрасада қанча-қанча олиму уламо, фозилу фузало таҳсил олган. Самарқандни Самарқанд қилган бу мадраса талабалари бугун дорул-бақога риҳлат этган бўлса-да, улардан қолган файзли руҳ бугун Регистон узра кезинаётгандек гўё...

Ҳайратдан вақт ўтганини сезмаганимиз боис саёҳатимиз жуда тез ниҳоясига етгандек бўлди. На илож, вақтимиз чегараланган. Ҳали Самарқанднинг неча-неча гўзал обидаси бизни кутаётганига қарамасдан, гуруҳ бошлиғимиз тушлик қилиб, яна Душанбега қайтишимизни эслатди.

Самарқандликлар – ажойиб, меҳмондўст халқ. Буни илгаридан биламан. Шаҳардаги муҳташам "Карвон" меҳмонхонасининг ресторанида биз учун ташкил қилинган зиёфат бунга яна бир тасдиқ бўлди. Тўкин дастурхон атрофида икки буюк халқ ҳақида кўп ажойиб гаплар айтилди. "Карвон"дан шоду хуррам қайтар эканмиз, бошлиғимиз бизни шу яқиндаги нон бозорига бошлади. Самарқанднинг дунёга машҳур нонларидан харид қилиб, олти соатда олти йиллик таассуротлар билан яна самолётга чиқдик...

Ёқубжон Абдуманнонзода,
ЎзА учун махсус. 
Душанбе – Самарқанд – Душанбе.
2018 йил 28 июль.