ЎзА Ўзбек

21.05.2020 Чоп этиш версияси

Адиблари ардоқланган юрт

Адиблари ардоқланган юрт
М у н о с а б а т

Табризда шоирлар хиёбони бор, дейишганида ҳавасим келган. Ҳиндихитой давлатларидан бирида Адабиёт ибодатхонаси борлигини эшитиб, ҳайрон қолган эдим. Нетонгки, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони қад ростлади. Бир сўз муҳиби сифатида қувонганимнинг чек-чегараси йўқ.

Бу ерда адабиётимиз тамалини қўйган улуғ сўз заргарлари қаторида Беҳбудий сингари маънавий тараққиётимизнинг жонкуяр намояндалари ҳайкаллари борлиги давлатимизнинг маънавиятга қаратаётган эътиборнинг улуғ намунаси, деб биламиз.

Айтишларича, Шерозда ҳазрати Ҳофизнинг қабри бошидан зиёратга келгувчи ошиқлар қадами аримас эмиш. Бу қабр ҳар куни устидан сочилган атиргул япроқларидан алвон тусга кирармиш. Энди бизнинг Адиблар хиёбони ҳам сўз ошиқларининг машваратгоҳига, мушоирагоҳига айлангай.

Президентимизнинг кечаги ташрифини ойнаижаҳонда кузата туриб, кўнглимдан кўп эзгу ўйлар кечди. Кўнгилдаги бу шодликни қоғозга туширмоқ душвор. Учрашувда таъкидланганидек, замонамиз қаҳрамонлари сиймосини сўз билан чизмоқ энди бизнинг қутлуғ маслагимизга айланади.

Маънан баркамол, бақувват шахсларгина миллатнинг юзи бўла олишини Адиблар хиёбони исботлаб берди. Бунда қад ростлаган сиймоларга муносиб бўлиш энг катта вазифамиздир. Отасининг амаллари билан керилиб юрган ношуд ўғилчаларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам энди ўз олдимизга умумжаҳоний, умуминсоний тамойилларни ифодаловчи, шу билан бирга, ўз халқимиз маънавий тафаккури ва ижтимоиётини тўла намоён қилувчи кўламли асарлар битишимиз, устоз ижодкорларимиз битган асарларни таржима қилиб, дунё ўқувчиларига етказишимиз керак бўлади. Бу хиёбон, бу ташриф, бу учрашув барча ёзувчи-шоирлар, хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Мансур ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
бош мутахассиси, шоир

3 972
ЎзА