ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Адабиётшуносликда ўз сўзига эга олим

Адабиётшуносликда ўз сўзига эга олим
Илм-фан фидойилари 

Меҳр – инсонни бир-бирига яқинлаштирадиган туйғу. Меҳрнинг тафтини эса фақат қуёш нурларига менгзаш мумкин. Маълумки, қуёш нурларини қанчалик кўп сочса, борлиқ шунчалар гўзаллашади, олам янада яшаради.

Ана шундай қалби қуёшдек улуғвор устозимиз Бахтиёр Назаровни меҳр нурлари ила шогирдлари қалбидан жой олган инсон деб биламаз.

Тақдирнинг иноятини қарангки, мен Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ҳужжатларимни топширдим. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, Бахтиёр Назаров раҳбарлигида илмий тадқиқотимни бошладим. Мана, йигирма йилдан ошибдики, домла билан битта даргоҳда меҳнат қиламан. Бу йиллар давомида устоздан нафақат илм сирларини, балки одамийликни, бировнинг дардига шерик бўлишни, дўсту биродарлар муваффақиятидан хурсанд бўлиш каби хислатларни ўргандим. Устозимизга хос фазилатлардан яна бири шуки, улар тадқиқотчига дўст, ота сифатида муносабатда бўлиб, уларнинг оиласи, фарзандлари ҳақида ҳам қайғуради.

Устознинг шогирдлари олдига қўядиган қатъий талаблари бор. Авваламбор, ҳаётда, илмда яхшини ёмондан ажратишни талаб қилади.

Натижасиз илмдан кўра аёл киши учун оила, фарзанд тарбияси муҳимлигини доимо уқтиради. Иккинчи қоида: доимо ғурурли бўл, ҳар қандай шароитда ҳам душманга тик боқа бил.

Учинчи қоида, манзил томон кетаётганингда сенга тош отганларнинг орқасидан қуваман деб вақтингни зое кетказма. Ҳаммасига жавоб тариқасида яхши бир илмий хулосаларга бой мақола ёки рисола ёзганинг маъқул. Бу сенинг муваффақиятинг ва айбловчиларга нисбатан жавоб айтишнинг ўзига хос усулидир.

“Олимнинг умри йиллар билан ўлчанмайди, олимнинг умри у яратган асарлар, илмий тадқиқотлар салмоғи билан сарҳисоб қилинади”, дейишади. Устознинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, илмий фаолиятлари сарҳисоби сифатида тайёрланган биография билан танишарканман, ўзбек адабиёти, танқидчилиги, адабий алоқалар, адабиёт назарияси каби масалаларга оид ўнлаб китоблар, бир неча юзлаб мақолалари билан нафақат ўзбек адабиёти, балки қардош халқлар, чет эл адабиёти ва адабиётшунослигида ўз ўрнига эга олим эканлигини яна бир бора ҳис қилиб, бундан фахрландим.

Ўзбек адабиётшунослигида адабий-танқидий тафаккур тарихи ривожида Бахтиёр Назаровнинг алоҳида ўрни бор. Домланинг илмий-ижодий фаолияти, аввало, ранг-баранг ва серқирралиги билан ажралиб туради. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги ўнлаб тадқиқотлари, ўзбек ва ғарб адабиётини қиёсий-типологик ўрганиш борасидаги мақолалари, бадиий асарда ғоявийлик ва бадиийлик билан боғлиқ муаммоларга доир тадқиқотлари бугунги ёш изланувчилар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон фан арбоби Бахтиёр Назаров илмий изланишлари, адабий жараён ҳақидаги теран фикрлари, янги-янги талқинлари, мушоҳадалари билан адабиётшунослигимиз, фанимиз равнақи йўлида толмай хизмат қилиб келмоқда.

Гулноз САТТОРОВА,
филология фанлари номзоди.

2 066
ЎзА