ЎзА Ўзбек

09.08.2018 20:10 Чоп этиш версияси

Адабий алоқалар янада мустаҳкамланади

Адабий алоқалар янада мустаҳкамланади “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат билан учрашув бўлиб ўтди.

Адабиётшунос олимлар, элимиз ардоғидаги шоир ва ёзувчилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси У.Есдавлат икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабати, барча соҳалардаги ҳамкорлик адабий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.



Икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда адабий алоқаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Сўнгги йилларда миллий адабиётимизни ривожлантириш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, бу жараёнда дунё халқларининг, жумладан, қардош элларнинг адабиёти билан яқиндан танишиш, уларнинг энг сара адабий асарларини аслиятидан ўзбек тилига таржима қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир.



– Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилиниши, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Абай адабий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга доир қарорнинг қабул қилингани бу икки қардош халқнинг бир-бирига ҳурмат-эътибори мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир, – деди У.Есдавлат. – Биз, қозоғистонлик ижодкорлар бундан жуда мамнун бўлдик. Бу давлатингиз раҳбарининг адабиётга, ижод аҳлига кўрсатаётган эътиборининг ёрқин ифодасидир. Ўзбек ва қозоқ халқи ижодкорларини бир-бирига янада яқинлаштириш йўлидаги ушбу ташаббус келгусидаги ижодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
6 075