ЎзА Ўзбек

18.06.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Қабул квотаси кўпайди

Қабул квотаси кўпайди
Самарқанд давлат университетида ўқиш учун 2017 йилда 25 минг нафардан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган. Улар бакалавр йўналишларида 2 минг 10 та қабул квотаси учун синовда иштирок этган.

Бу йил эса қабул квотаси аввалги йилгидан анча оширилди, яъни 2 минг 520 та этиб белгиланди. Шунингдек, магистратура йўналиши учун 278 ўрин (ўтган йили 209 та) ажратилди.

– 2018/2019 ўқув йили учун 36 бакалавр йўналишида давлат гранти асосида 650 нафар, тўлов-шартнома бўйича 1 минг 870 нафар ёш ўқишга қабул қилинади, – дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Р.Мирзаев. – 41 магистратура мутахассислигида талабаларнинг 71 нафари давлат гранти, 207 нафари тўлов-шартнома асосида ўқиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, етти йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимга 750 нафар ёшларни қабул қилиш кўзда тутилган. Бунда қабул квотасининг салмоқли қисми (270 таси) мактабгача таълим йўналишида мутахассислар тайёрлаш учун ажратилган.

Бу йил университетда бешта янги – педагогика ва психология, мактабгача таълим, фалсафа, тупроқшунослик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси йўналишлари очилди. Магистратурада ҳам шу давргача мавжуд бўлмаган зоология, материаллар ва моддалар кимёси, гелиофизика ва қуёш энергиясидан фойдаланиш мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашга киришилади.

Аввалги йиллардан фарқли равишда, бу йил юртимиздаги олий таълим муассасалари бакалавриатига ногиронлиги бўлган шахслар қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилинади. Бундай тоифа абитуриентларга 2018/2019 ўқув йили учун Самарқанд давлат университетида 13 квота ажратилган. Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квотаси доирасида талабаликка тавсия этилади.

Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам қўшимча давлат грантлари асосида, имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинади. Бу борада ҳозирда тегишли тартиблар ишлаб чиқилмоқда.

Яна бир янгилик ижодий имтиҳонлар билан боғлиқ. Шу вақтгача тегишли таълим йўналишларида абитуриентлар фан блоклари бўйича ижодий имтиҳон ва тест синовлари топширар эди. Жорий йилдан бошлаб ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишларда тест синовлари ўтказилмайди. Яъни, университетнинг жисмоний маданият, хотин-қизлар спорти, тасвирий санъат, мусиқа таълими йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлар фақат ижодий имтиҳон топширади. Имтиҳон шакли давлат қабул комиссияси томонидан белгиланади.

Хорижий давлатлар фуқароларини ўқишга қабул қилиш ҳам қабул квоталари чекланмаган миқдорда, суҳбат тарзида ўтказилади. Улар белгиланган тартибда тўлов-шартнома асосида таҳсил олиши мумкин.

Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида ҳужжатлар университетнинг физика-кимё ва биология факультетларида қабул қилинмоқда. Махсус сиртқи бўлимдаги йўналишлар бўйича ҳам ҳужжатларни алоҳида бинода – касбий таълим факультетида қабул қилиш йўлга қўйилди. Бунинг учун мазкур бино ва унинг атрофида зарур шароит ва имкониятлар яратилди. Таълим йўналишлари ва мутахассисликларга оид маълумотлар ойнаси, қабул комиссияси фаолияти, университет тарихи ва бугунги кунидан ҳикоя қилувчи кўргазмали воситалар ўрнатилди. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, тиббиёт хонаси ташкил этилди.

Комиссиянинг самарали ишлаши, абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш учун ҳар бир йўналишга тажрибали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар жалб этилган. Ҳужжат қабул қилиш жараёнини сифатли амалга ошириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари ва бошқа имкониятлардан самарали фойдаланилмоқда. Ҳужжат топширган ҳар бир абитуриент суратга олиниб, у ҳақдаги маълумотлар давлат тест марказига юборилмоқда. Умуман, топширилган ҳар бир ҳужжат ҳақидаги маълумот шу заҳоти умумий тармоққа киритилади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
6 849