ЎзА Ўзбек

08.09.2018 13:56 Чоп этиш версияси

Абу Райҳон Берунийга ҳайкал ўрнатилди

Абу Райҳон Берунийга ҳайкал ўрнатилди

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида таваллудининг 1045 йиллиги муносабати билан буюк аллома Абу Райҳон Берунийга ҳайкал ўрнатилди. 

1.jpg

“Буюк қомусий олимнинг инновацион ғоялари ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида илмий-назарий анжуман ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан олимлар, шоир ва ёзувчилар, жамоат арбоблари иштирок этди.

2.jpg

Абу Райҳон Беруний рамзий қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Абу Райҳон Берунийнинг янги ҳайкали тантанали очилди.

Замонавий илмда Американи илк бор кашф этган, дея талқин қилинаётган ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний 973 йилда Хоразмнинг қадимги пойтахти Қот шаҳрида (ҳозирги Беруний тумани ҳудудида) туғилган.

Ёшлигидан илмга меҳр қўйган бобокалонимиз Хоразмда яшаган даврида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бунинг учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро қилган. 22 ёшидан Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон шаҳрида яшаган. У “Осорул-боқия анил-қурунил-холия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини Журжонда ёзган. Бу асар Берунийга жуда катта шуҳрат келтирган. Бундан ташқари, Журжонда астрономия, метрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар ёзган. Беруний Хоразмнинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилади. Беруний Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатади. Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади.

1017–1048 йиллар Беруний илмий фаолияти учун энг маҳсулдор давр бўлди. “Хоразмнинг машҳур кишилари”, “Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш” – “Геодезия”, “Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” асарлари шу даврда ёзилган. Беруний она тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганади.

Берунийнинг “Ҳиндистон” номли машҳур йирик асари “Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби” номи билан 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон хинд олимлари томонидан юксак баҳоланган.

17.jpg

Астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакология, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратган олимни АҚШдаги Жон Хопкинс университети профессори, Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқотлари институти таъсисчи директори Фредерик Старр «ўз дарсхона-ҳужрасини тарк этмаган ҳолда Колумбдан бир неча аср аввал Янги Дунёни, яъни Американи кашф этган» деб оламшумул янгиликни ўртага ташлади.

«Беруний Ер айланасини ўлчашда қўлланган услуб бугунги кундаги замонавий техникалар қўллаб аниқланган натижадан бор-йўғи 10,44 мил фарқ қилади, холос», - дейди америкалик машҳур олим ўзининг “History Today” журналининг 2013 йил 12-сонида нашр этилган «Американи ким кашф этган?» мақоласида.

«Беруний “Масъудий Қонуни” асарида қуёш ўз ўрнида собит эканлиги ва ер унинг атрофида айланиши ҳақидаги назарияни илгари сурди. У тўлиқ гелионцентрик дунёқараш фикрига яқин келди, гелиоцентрик борлиқ тушунчаси бошқа вариантлардан мантиқий жиҳатдан кам эмаслигини таъкидлаб, математиклар ва астрономлардан ушбу фикрни ё рад этишни ёки қабул қилишни талаб қилди. Ажабланарли эмаски, “Масъудий Қонуни” сўнгги ўрта аср ва ҳозирги замон оралиғидаги даврнинг энг буюк асарларидан ҳисобланади. Берунийнинг “Масъудий Қонуни”да Шимолий ва Жанубий Америка мавжудлиги ҳақида тахмин қилинган» дейилади мазкур мақолада.

Илмий-назарий анжуманда олимлар шу ва буюк аллома тўғрисидаги бошқа қизиқарли илмий маълумотлар билан ўртоқлашди.

Туманда шу куни «Ёшлар маркази» биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Бу марказ буюк алломанинг илмий, маданий меросини ўрганувчи ёшларни ҳам ўз бағрига қамраган. Буюк бобокалонимиз ҳурматига Беруний туманида “Беруний авлодлари” жамғармаси ташкил этилган. Жамғарма томонидан улуғ олим ва алломаларнинг илмий мероси билан шуғулланувчи ёшлар, олим ва журналистлар моддий рағбатлантирилиб келинмоқда. Жамғарма таъсисчилигида "Тамаддун нури" журнали ҳам ташкил этилган.

Буюк аллома Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1045 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар туман марказидаги амфитеатрда маданият ва санъат арбобларининг концерт дастури билан давом этди.

Е.Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА
7 489