Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 11:04 Чоп этиш версияси

Қабристонлар обод бўлмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 128 гектар ер майдонини эгаллаган 12 қабристон мавжуд. Айни пайтда бу масканларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги "Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Қабристонларнинг кириш жойида фуқаролар учун зиёрат қилиш тартиби, схемали харита кўрсатилган тахталар ўрнатилган. Юридик муассаса, корхона ҳамда фуқароларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларини рўйхатга олиш, қабр усти ёдгорликлари ва кўмишни ҳисобдан ўтказиш ҳам йўлга қўйилган. Ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш мақсадида ёнғин ўчириш ускуналари, тозаликни сақлаш учун махсус чиқинди қутилари ўрнатилган.

Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармасига тегишли қабристонларга ўтган йили бюджет маблағлари ҳисобидан 9 миллион 638 минг сўм ажратилган эди. "Салмен ота", "Шўрча", "Қушхона", "Ўроз Охун", "Ғани ота", "Эркасой", "Шағир бобо", "Сирғали шейит", "Оқбошли", "Христиан" қабристонларида ички таъмирлаш ишлари олиб борилиб, газ ва электр тармоғи билан таъминланди, тунги ёритиш ускуналари ўрнатилди.

– "Салмен ота" қабристонининг умумий майдони 418100 квадрат метр бўлиб, зиёратгоҳнинг олд томонида бостирма қурдик, – дейди Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси мутахассиси Ансатбой Мустофоев. – Шу билан бирга, 380 метр йўлак таъмирланиб, асфальт йўллар четига тўсиқлар қўйилди. Янги дарвоза ўрнатилиб, гумбаз-мақбараси қайта қопланди. Тиловатхона томи, қабристон атрофидаги қўрғон деворлари шифер билан ёпилди. Қабристон ичи, қабрлар ораси доимий тарзда ёввойи ўтлардан тозалаб борилади. Ҳар ҳафта йиғилган чиқиндилар махсус жойларга олиб чиқиб ташланади. 

Бу борадаги ишлар Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

А.Насирлаев, ЎзА
10 656