Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.06.2018 20:08 Чоп этиш версияси

Қабристонлар қаровсиз қолса, марҳумлар руҳи шод бўлмагай...

Қабристонлар қаровсиз қолса, марҳумлар руҳи шод бўлмагай...
Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилояти Қўштепа туманини ўрганиш чоғида ижтимоий объектлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлардаги ободонлаштириш ишларини ҳам назардан четда қолдираётгани йўқ. 

Жумладан, “Кўприкбоши” маҳалласидаги “Булоқбоши” кўчасида “Бойтўпи” қабристони мавжуд. Инсонларнинг сўнгги маскани бўлмиш қабристонга кираверишда ўнг тарафи тахминан 100 метр масофада девор билан умуман ўралмаган, тўғрисидаги тарафда эса сим тўсиқлар тортиб қўйилган, чап томонидан тунука билан деворлар пала-партиш тарзда кўтарилган. Қабристон чегарадаги зовур 4-5 метрлик қамишлар билан тўлиб ётибди. Кўринишидан анча йиллардан буён тозаланмагани сезилади. Сувда турли ҳашоратлар, зарарли чиқиндилар, ҳатто сув илонлари ҳам бор. Қўштепа тумани мелорация бўлими кейинги йил дастурига киритган зовурни тозалаш ишларини маҳалла фаоллари ҳам бамайлихотир кутиб ўтирибди. 

Шунингдек, қабристонда ички йўлаклар мавжуд эмас, айвонни қуриш ишлари якунига етказилмаган, мавжуд эски бинолар таъмирталаб, қабристоннинг 1,5 гектардан иборат ер майдони ободонлаштирилмаган. Ўрилган хашаклар негадир олиб чиқиб кетилмаган, натижада уюм-уюм бўлиб қуриб ётибди. Натижада ёз ойида ҳавонинг жазирама иссиғида ёнғин чиқиш хавфини вужудга келтирмоқда. Қабристонга ичимлик суви тармоғи олиб кирилмаган, ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари ўрнатилмаган. Ободонлаштириш бўйича назоратчи ва қоровулни бу ердан топиб бўлмади. Улар доимо тумандаги бошқа ҳудудларга ободонлаштириш ишларига жалб этилмоқда, оқибатда асосий иши қолиб кетаяпти. 

20180611_114534.jpg

“Шакар” маҳалласида ҳам икки қабристон – “Бордончи” ва “Қизилой” қабристони мавжуд. “Бордончи” 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, ўрганишларда ички йўлакчалар асфальтлаштирилмагани, ҳудуддаги электр трансформатори атрофи ўралмагани, оқибатда хавфсизлик меъёрлари қўпол бузалаётгани, маъмурий биноларни қуриш ишлари охирига етказилмагани аниқланди. 

1,2 гектардан иборат ер майдони тозаланмаган, ҳашаклар ўрилмаган, ичимлик суви тармоғи олиб кирилмаган, ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари йўқ. “Қизилой” қабристонининг орқа ва чап тарафидаги 160 метр узунликдаги қисми сим билан бир амаллаб ўраб қўйилган. Ваҳоланки унинг ўрнига қўрғон девор кўтариш керак. Ички йўлакчалар ҳудуднинг ярмигача қурилиб, кейин негадир ора йўлда чала ташлаб қўйилган. 1,8 гектар ер обод қилинмаган ва ночор аҳволда. Айрим қабр усти ёдгорликлари тартибсиз қўйилган. 

Берилган кўрсатмага кўра, маҳалла аҳолиси иштирокида қабристонни ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Қабристон ва муқаддас қадамжоларни обод қилиш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш шу ҳудудда яшаётганларнинг ҳам азалий диний ва миллий қадрияти эмасми? Маҳалла қабристонини ҳам Тошкентдан вакил келиб тозалаш ҳақида тушунтириб ўтириши уят ҳисобланмайдими? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси Қўштепада нега оқсамоқда? Марҳумлар – унутилганларми? Уларнинг хотираси олдида барчамизда бурчдорлик ҳисси бор-ку ахир. 

Лазиз Раҳматов, журналист

ЎзА
2 129