ЎзА Ўзбек

27.07.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Буюк тарихий шахслар ҳақидаги асарлар учун танлов эълон қилинди

Буюк тарихий шахслар ҳақидаги асарлар учун танлов эълон қилинди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср ижодий кенгашида ёзувчи Абдужалол Раҳимнинг “Абу Али ибн Сино” романи биринчи китобининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбирда адабиётшунослар Маҳкам Маҳмуд, Қозоқбой Йўлдош, Раъно Исомиддинова, ёзувчилар Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон, Рисолат Ҳайдарова иштирок этдилар.

Абдужалол Раҳим бир неча йиллардан буён ўзининг ҳикоя, қиссалари билан республика газета ва журналларида фаол иштирок этиб келади. Унинг “Ломакон”, “Мугат фолбин”, “Йўлда кетаётган одам”, “Тоғ гўзали” китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган.

– Абдужалол Раҳим Ибн Сино ҳаёти, фаолияти, ижоди билан яқиндан танишганлиги сезилиб турибди, – деди Наср кенгаши раиси, таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош. – Бу ҳақда муаллифнинг ўзи ҳам “улуғ табибнинг ҳаётини ўрганиб, тийнати, кўнгил кечинмаларини ҳис қила бошладим”, деб ёзади асарнинг сўнгсўзида. Мана шу туйғу таъсирида бўлса керак, умуман олганда асар, қаҳрамонига нисбатан самимий эҳтиром, муҳаббат билан ёзилган.

Абу Али ибн Сино романининг биринчи китоби улуғ табиб, файласуфнинг Бухородаги ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Асар Наср кенгаши томонидан чоп қилишга тавсия этилди.

Шунингдек, мамлакатимиз ижодкорлари ўз асарларида замонамиз қаҳрамонларининг қиёфасини яратиш билан бирга, юртимизда туғилиб вояга етган буюк тарихий шахслар ҳаёти ва ижодига ҳам мурожаат этмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, 2018-2019 йиллар давомида яратиладиган ана шундай асарлар учун танлов ҳам эълон қилинди.

ЎзА
5 860