Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 15:48 Чоп этиш версияси

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Виктор Гюго, Оноре де Бальзак ва Лев Толстой асарларининг 12 ёшли мухлиси

Салоҳиддин Қаҳҳоров пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 193-умумтаълим мактабининг 6-синфида ўқийди.

“...Китоб – ҳаётимиз шамчироғи. Китоб нафақат маънавий оламимизни бойитади, балки дунёқарашимизни кенгайтиради, фикрлаш қобилиятимизни шакллантиради.” Бу унинг сўзлари.

Ёш бўлишига қарамай, фикри теран, зеҳни ўткир, ҳар бир сўзни жойида қўллай оладиган бу болага ҳавасингиз келади. У буларнинг барчасига китобларни мутолаа қилиб эришганини айтди.

Дарҳақиқат, ёшларни Ватанимиз, халқимиз, миллий қадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс. Шу боисдан юртимизда ёшларда болалик чоғидан бошлаб китобхонлик маданиятини шакллантириш, китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларига меҳр уйғотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Салоҳиддин олти ёшидан бошлаб китоб ўқишга қизиқди. У жаҳон ва ўзбек адабиёти асарларини севиб мутолаа қилади. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, Виктор Гюго, Оноре де Бальзак, Лев Толстой, Михаил Лермонтов, Антон Чехов, Иван Тургенев сингари таниқли ёзувчи ва шоирлар ижодини катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Салоҳиддининг китоб ўқишга бўлган қизиқишига оиладаги муҳит, айниқса, онасининг китоб ўқишга чексиз меҳри сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Унинг онаси Дилбар Абдурашидова Салоҳиддиннинг ёши ва дунёқарашига мос турли адабиётларни ўқишни тавсия қилади. Она ва бола китобни мутолаа қилиб бўлгач, ўзаро фикрлашади, асар қаҳрамонларининг хулқ-атвори, асардаги воқеаларни бир-бирига сўзлаб беради.

"Ўғлим вақтини беҳуда ишларга сарфламай, китоб мутолаа қилаётганини кўриб қувонаман", дейди Салоҳиддининг онаси.
Салоҳиддин жорий йилда Учтепа тумани ахборот ресурс-маркази томонидан ўтказилган “Ёш китобхонлар” кўрик-танловида "Энг ёш китобхон" номинациясида биринчи ўринга лойиқ деб топилди.

– Ҳар куни ҳеч бўлмаганда икки соат вақтимни китоб ўқишга ажратаман, – дейди Салоҳиддин. – Яхши асарларни мактабимиздаги кутубхонадан ва Учтепа тумани ахборот-ресурс марказидан топиб ўқийман. Бу масканларда истаган адабиётни тезкорлик билан топишимиз, электрон вариантларини олиб ўқишимиз учун қулай шароит яратилган.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 427






Все о погоде - Pogoda.uz