ЎзА Ўзбек

25.08.2018 10:38 Чоп этиш версияси

Абайда қўшалоқ байрам

Абайда қўшалоқ байрам
“Тўйга – тўёна билан“, деган гап бор халқимизда. Дарҳақиқат, мамлакатимизда шонли саналар арафасида йирик ишлаб чиқариш қувватлари, саноат корхоналари, йўл ва кўприклар, ижтимоий соҳа объектлари, янги уй-жойларни фойдаланишга топшириш яхши анъанага айланган.

Тобора яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами нишонланадиган жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайгани, бунёдкорлик ишлари чекка-чекка қишлоқларимизга кириб боргани билан аҳамиятли бўлмоқда. Жумладан, “Обод қишлоқ“ Давлат дастури доирасида қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган хизматлар, айниқса, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш мақсадида кўплаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилаётир.

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги Абай номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам мазкур дастур ижроси юзасидан қишлоқ оилавий поликлиникаси ва маҳалланинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, жамоат ташкилотлари вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

“Обод қишлоқ“ Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бериш, уларнинг бугунги яшаётган кунидан рози бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Маҳалла маҳалла бўлибдики, тайинли биноси бўлмаган, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Умрбеков. – Эътибордан четда қолиб келаётган чекка-чекка қишлоқларнинг муаммолари ечимини ҳал этишга қаратилган “Обод қишлоқ“ни яратгани учун Президентимиздан миннатдормиз. Энди маҳалламиз ҳам ушбу хайрли ташаббус ортидан ўз биносига эга бўлди. “Маҳалла“ хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан бинони таъмирлаш ишларига 15 миллион сўм маблағ ажратилди.

Маълумотларга кўра, ҳудудда 750 дан ортиқ хонадонда 3 минг 700 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қуйи Чирчиқнинг Чиноз тумани билан чегарадош қисмида жойлашган ушбу ҳудудда аҳолининг электр энергия, ичимлик суви, газ, йўл, таълим, тиббиёт ва кундалик турмуш учун зарур бўлган бошқа соҳаларда кўплаб муаммолари йиғилиб қолган эди. “Обод қишлоқ“ Давлат дастури доирасида аҳолининг муаммолари ўрганилиб, “Йўл харитаси“ ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, унда белгиланган вазифалар бирин-кетин амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудуддаги 14-мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида. 16-мактабдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам қизғин тус олган.

Бугунги кунга қадар ҳудудда 4 минг 500 метр узунликдаги ичимлик суви қувури янгидан тортилиб, реконструкция қилинган. Эҳтиёжманд 147 хонадонда 602 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 3 минг 600 метр узунликдаги ички йўлларга асфальт ётқизилиб, 526 метрда пиёдалар учун йўлакчалар қурилган. Мухтасар айтганда, “Йўл харитаси“да белгиланган 2 миллиард сўмлик ишларнинг 51 фоизи тўлиқ бажарилган.

А.Худойқулов, ЎзА
7 435