Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 17:13 Чоп этиш версияси

Абай Қўнонбоев хотирасига эҳтиром кўрсатилди

Абай Қўнонбоев хотирасига эҳтиром кўрсатилди Пойтахтимиздаги Қозоғистон элчихонаси олдидаги майдонда буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоев таваллуд топган кун кенг нишонланди.

Шоир ҳайкали қад ростлаган сўлим гўшага Шарқий Қозоғистон вилоятидан келган делегация вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фанлар академияси, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар тўпланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат ва бошқалар буюк маърифатпарвар, эзгулик ва дўстлик куйчисининг шарафли номи, бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, ўзбек халқининг ҳам қалбида абадий яшаб келаётганини алоҳида таъкидлади.

46-faqat saytga.JPG

Азал-азалдан ўзбек ва қозоқ халқлари ён қўшни, оға-ини бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно касб этади.

– Буюк шоир ижодий меросини кенг ўрганиш халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун туркий қадриятнинг яна бир забардаст, бетакрор шоири ижодини кашф этиш ва таҳлил қилиш имкониятини беради, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Президентнинг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори ҳам қардош қозоқ халқига чексиз хурмат ва эҳтиром рамзи сифатида улуғ шоир ижодини, маърифатпарварлик ғояларини юртимизда янада кенг ўрганиш, тарғиб қилиш борасидаги вазифаларни белгилаб берди.

Тадбирда шоир ҳайкали пойига гул қўйилиб, буюк сиймо хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Шунингдек, Қозоғистон элчихонасида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига оид адабий экспозиция ташкил этилди. Унда намойиш этилган турли фотосуратлар, ноёб китоблар ва ҳужжатлар барчада яхши таассурот қолдирди. 

16.JPG 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асари ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбирда шоирнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти хусусида сўз юритилди.

Ушбу китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилди. Шоирнинг ушбу сайланмасига Миртемир, Уйғун ва бошқа устозлар томонидан қилинган таржималар киритилган. Илк бор китобхонлар оммасига тақдим этилган адабий-таҳлилий мақолалар тўпламида эса икки халқ адабий алоқаларига оид мақолалар жамланган.

Маросимда ёшлар томонидан Абай ижодидан намуналар ўқилди, қозоғистонлик санъаткорларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
5 480