ЎзА Ўзбек

20.07.2018 15:02 Чоп этиш версияси

АҚШлик мутахассислар Саксонота ўрмон хўжалигини ривожлантиради

АҚШлик мутахассислар Саксонота ўрмон хўжалигини ривожлантиради Аввал хабар берганимиздек, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўрмончилик бўйича қўмитасининг 24-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакиллари иштирок этди. Ушбу сессия “Жаҳон ўрмон ҳафталиги-2018” доирасида ташкил этилган эди.

Сессияда ФАОнинг “Дунё ўрмонлари - 2018” номли ҳисоботи эълон қилинди. Ушбу ҳисоботда ФАО ва ўрмонлар ўртасидаги муносабатлар батафсил таҳлил қилинди ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги ўрмонлар билан чамбарчас боғлиқлиги кўрсатиб берилган эди.

Сессия муҳокама ва мунозараларга бой бўлди. Шунингдек, ушбу сессия ўрмончилик соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда янги имкониятлар яратиш бўйича муҳим платформа вазифасини бажарди. Мисол учун, Ўзбекистон вакиллари Глобал экологик жамғарма масъуллари билан ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишди. Хусусан, Ўзбекистонда ёввойи турдаги доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш ва маданий плантация майдонини кенгайтириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларида экотуризмни ривожлантириш орқали ўрмон хўжаликларини барқарор бошқариш, қир-адир ҳудудларида ёнғоқ, мевали ўрмонлар барпо этиш, хусусан, писта плантацияларини кўпайтириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш каби лойиҳаларни бажаришга келишиб олишди. Бу лойиҳалар учун 40 миллион доллар атрофида маблағ киритилади.

Яна бир лойиҳа АҚШ ўрмон хизмати раҳбари билан муҳокама қилинди. АҚШ томони республикамиз ўрмон фонди ерларида рекреация ва экотуризмни ривожлантириш орқали ўрмонларни барқарор бошқариш борасидаги тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Жорий йилнинг сентябрь ойида Саксонота ўрмон хўжалигининг Суқоқ бўлимида рекреацион ҳудуд ташкил этишда АҚШлик мутахассисларни жалб қилишга ҳамда ўрмон хўжалиги ходимлари малакасини ошириш ва кенгайтиришга келишиб олинди.

Туркиянинг ўрмон ва сув хўжалиги вазирлиги, Индонезия атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги вазирлиги делегацияси билан бўлган учрашувлар ҳам самарали кечди. Ўрмон хўжалиги ходимлари бу давлатларга малака ошириш учун боришади.

– Кейинги йилдан Ўзбекистон ўрмончилари учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 8-10 кишилик ўқув курслари ташкил этамиз, – дейди Корея делегация вакили Энхо Чой хоним. – Шунингдек, биргаликда Навоий вилоятида чўл экотизмларини тадқиқ қилиш маркази фаолиятини ташкил этмоқчимиз. Бунинг учун қарийб 500 минг долларлик лойиҳани амалга ошириш борасида ҳамкорликни бошладик. Бу ишларни янада жадаллаштириш мақсадида куз ойларида кореялик мутахассислар Ўзбекистонга боради.

Сессияда ўрмон соҳасида таълимга, тарғибот ишларига ва илмий тадқиқотларга керакли сармоялар киритиш тавсияси берилди. Шу билан бирга, ўрмонларни барқарор бошқаришда хусусий секторнинг ролини ошириш ҳамда ҳамкорликда ўрмон бошқаруви моделларини ишлаб чиқишга чақирди. Ўзбекистонлик вакиллар Орол муаммоси бўйича чиқиш қилиб, халқаро ҳамжамият эътиборини тортди.

ЎзА
4 518