ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

АҚШда “украин иши“ бўйича иккинчи информатор пайдо бўлди

АҚШда “украин иши“ бўйича иккинчи информатор пайдо бўлди

АҚШда “украин иши“ деб номланувчи иш бўйича иккинчи информатор пайдо бўлди. Reutersнинг хабар қилишича, у Президент Дональд Трампнинг Украина билан мулоқотлари борасидаги маълумотларни бевосита олган. 

Иккинчи информатор Америка разведка ҳамжамиятининг ички назорат хизмати ходимлари билан боғланди. Бу ҳақда якшанба куни информаторнинг адвокати Марк Заид маълум қилди. 

У разведкада ишловчи иккинчи информатор ҳам бош инспектор томонидан сўроқ қилинганини тасдиқлади. Заид 25 июль куни Трампнинг Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон қўнғироқлари тафсилотлари ҳақида тегишли идораларга маълумот берган биринчи информаторнинг манфаатларини ҳимоя қилади. 

Биринчи информаторнинг баёнотидан сўнг маълум бўлишича, Трамп Зеленскийдан бўлажак президентлик сайловларида Трампнинг асосий сиёсий рақиби бўлмиш демократ Жон Байден фаолиятини тергов қилишни сўраган. 

Ўтган жума куни Трамп Хитой расмийларига мурожаат қилиб, Хитой билан ишбилармонлик муносабатларини ўрнатган Байденнинг ўғли фаолиятини тергов қилишга чақирган эди. 

Республикачилар сафларида Трампнинг сиёсий келажагига оид қарама-қарши фикрлар пайдо бўлди. Сенатор-республикачилар Митт Ромни, Бен Сасс ва Сюзан Коллинз 2020 йилда қайта сайланиши учун Трамп бошқа мамлакатлар билан боғланиб, улардан ёрдам сўраётганидан бонг уришди. 

Республикачилар орасида танқидий фикрлар пайдо бўла бошлагач, иккинчи информатор ҳақида хабар пайдо бўлди, гўёки у “биринчи қўлдан” муҳим маълумотга эга экан. 

Мана шу фонда Американинг айрим ОАВда импичмент масаласида “ўсиш суръатлари тезлашгани” ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ Трампга ён босувчи таҳлилчилар, АҚШ президентининг танқид қилиниши ва унга нисбатан босимлар унинг мавқени мустаҳкамланишига хизмат қилишини айтишади.

Информаторнинг Зеленский билан бўлиб ўтган телефон суҳбати борасидаги хабари ва ҳисобот баённомаси (рапорт)и Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси томонидан 24 сентябрь куни Трампга нисбатан импичмент жараёнини бошлашига туртки берди. 

3 623
ЎзА