ЎзА Ўзбек

11.02.2019 16:18 Чоп этиш версияси

АҚШ долларини қалбакилаштирган шахсга суд ҳукми ўқилди

АҚШ долларини қалбакилаштирган шахсга суд ҳукми ўқилди

2019 йил 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси Кармана туман “Зиёкор“ МФЙ биносида раислик қилувчи судья А.Сайдуллаев бошчилигида фуқаро Ҳ.Шокировга  (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди.

Ҳ.Шокиров 5 дона 100 купюрадаги жами 500 АҚШ долларини қалбакилаштириб, 2018 йил 26 июль куни эрталаб ўзи томонидан ясалган қалбаки 400 АҚШ долларини таниши Ф.Шоимов орқали Самарқанд вилоятида номаълум шахсларга ўтказиб, шу куни Кармана тумани ҳудудида жойлашган “Капитал” кафесига киради ва қолган 100 АҚШ долларини ўтказиш мақсадини кўзлаган вақтида Навоий вилояти ИИБ ҳамда туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинган.

Жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари ҳар тарафлама, синчиклаб текширилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 211,454-457, 460, 463, 465-468, 471, 473,476-моддаларига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 176-моддаси 1-қисми билан судланувчи Ҳ.Шокировга нисбатан 2 йил муддатга, соат 22:00 дан эрталабки 07:00 гача бўлган даврида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлган озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида яна қўшимча чеклаш тақиқлар ҳам қўлланилди.

Жиноят иши бўйича ашёвий далил деб топилган, бир дона LB 93095088R B2 серия рақамли 100 купюралик АҚШ долларидан нусха олиниб, асл нусхаси тегишли тартибда йўқ қилинди.

А.Сайдуллаев, 
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси​​

ЎзА
2 787