ЎзА Ўзбек

27.07.2018 19:50 Чоп этиш версияси

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео: Ўзбекистон эркин жамиятга айланиш сари қадам ташламоқда (+ВИДЕО)

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео: Ўзбекистон эркин жамиятга айланиш сари қадам ташламоқда (+ВИДЕО)
АҚШда дунёдаги диний эркинликнинг аҳволи, эътиқод даражаси, давлат тузулмаларининг муносабати юзасидан халқаро анжуман бўлиб ўтди. 

Вашингтондаги Давлат департаментида мазкур мавзуга бағишланган 3 кунлик халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. 

“Амерника овози” телерадиоси мухбирининг маълум қилишича, жаҳон ҳамжамиятининг расмий доиралари иштирок этган йиғинда нутқ сўзлаган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳақида ҳам фикр билдириб, бу давлатнинг эркин жамиятга айланиш сари қадам ташлаётганига алоҳида урғу берган. 

«Эътиқод эркинлиги олдингига қараганда кенгайгани бу мамлакат ва жамият, шунингдек, бутун минтақага ижобий таъсир кўрсатишига ишончимиз комил», деди Помпео Вашингтонда ўтган халқаро анжуманда. 

Оқ уй расмийси Жастин Колберт эса Вашингтондаги Миллий ахборот марказида ўтган тадбир бошида сўзлар экан, Ўзбекистон ҳукумати бугунги кунда диний эркинлик сингари нозик масалаларни очиқ муҳокама қилаётгани таҳсинга сазовор, дея фикр билдирди. 

Маълумки, АҚШ ўзини глобал майдонда эътиқод эркинлиги тарғиботчиси, деб билади ва хусусан Трамп маъмуриятининг ташқи сиёсатида бу мавзуга урғу катта. Май ойида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Президент Доналд Трамп билан музокара олиб борганида, Америка лидерининг ёнида Диний эркинлик бўйича махсус элчи Сем Браунбек ҳам ўтирган. Браунбекнинг яқин кунларда Ўзбекистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси Акмал Саидов иштирок этмоқда.



ЎзА
11 162