Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 09:10 Чоп этиш версияси

Қаҳрамонлик ҳеч қачон унутилмайди

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Тошкент вилоятида ҳам уруш фахрийларига давлатимиз раҳбари номидан байрам совғалари берилиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамроҳлигида Олмалиқ шаҳридаги уруш фахрийлари хонадонларига бориб, уларга совға-саломлар топширди.

"Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 93 ёшли Абдукарим ота Маматқулов урушнинг бошидан охиригача қатнашган. Отахон юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик, давлатимизнинг фахрийларга кўрсатаётган эътибори учун шукроналар айтиб, миннатдорлик билдирди.

– Бундай ғамхўрликдан руҳланиб, ўзимни янада тетик ҳис этаман, – дейди Абдукарим ота. – Давлатимиз томонидан ёши улуғ инсонларга қаратилаётган доимий эътибор бизга куч-қувват бағишлайди. Ҳар куни телевизор орқали юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини кўриб, хурсанд бўламан. Бу йўлда меҳнат қилаётган инсонлар каби мен ҳам ёшлигимга қайтиб, яна шижоат кўрсатгим келади. Бугун дастурхон атрофида шундай инсонлар билан қизғин суҳбат қилиб, кайфиятим янада кўтарилди. Ёшларга мана шундай дориломон кунларнинг қадрига етиш, уни асраш зарурлигини уқтираман. Биз кўрган машаққатлар ҳеч қайтмасин, тинч ва фаровон юртимизни Яратганнинг ўзи асрасин, деб дуо қиламан.

Бугунги кунда вилоятда 48 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу нуронийлар ва уларнинг оила аъзоларини имтиёзли равишда ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида даволаш ва бепул дори воситалари билан таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган. Айни пайтда ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган шундай тадбирлар Ангрен, Бекобод, Оҳангарон шаҳарлари, Бекобод, Оҳангарон туманларида ҳам ўтказилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
13 077