Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.05.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Қаҳрамонлар ўлмайди. Ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкали қайта тикланди

Улар халқ қалбида мангу яшайди. Пойтахтимизда биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкалининг ўз тарихий жойида – Олмазор туманида қайта тикланиши муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда барчанинг кўнглидан шундай фикрлар кечганига шубҳа йўқ.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга Мудофаа вазирлиги, пойтахтнинг кенг жамоатчилик вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёшлар таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда тарихий адолатни қарор топтириш, тинчлик, осуда ва бахтиёр ҳаёт учун жон фидо этган ҳамюртларимизнинг номларини тиклаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улғайиб келаётган авлодни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, жамиятимизда меҳр-оқибат, инсонийлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, шукроналик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ташаббуслари халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. 

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелда эълон қилинган "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони тинчлигимиз йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан кечган, ажалга рўбарў келиб, омон қолган нуронийларга эҳтиром кўрсатиш борасидаги амалий ишларни мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. 
 
Юртбошимизнинг яқинда Наманган вилоятига сафари чоғида ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкалини ўз тарихий жойида қайта тиклашга оид билдирган таклифини юртдошларимиз катта ҳаяжон билан кутиб олди. 
 
Халқимизда афсонавий генерал номи билан машҳур бўлган Собир Раҳимов 1902 йилда Тошкентда таваллуд топган. 1941-1945 йилларда фашизм балосини енгишдаги жангларда қатнашган ҳамюртимизнинг матонати, жасорати, қатъияти, ўзига хос жанг тактикаси тарихнинг олтин зарварақларидан ўрин олган. Бир неча бор оғир яраланган С.Раҳимов уруш поёнига етай деганда дунёдан кўз юмган.

Тантанали тадбирда иштирокчилар генерал Собир Раҳимов ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. 

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан тинчлик учун жон фидо этган ҳарбийлар хотирасини ёдга олиш ва абадийлаштириш, ёшларда она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, она-Ўзбекистонимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкам қарор топтиришга доир бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 057