Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 19:27 Чоп этиш версияси

Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги ошмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Раҳимжон Ҳакимов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ҳаракатлар стратегиясидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган ва халқимиз кенг қўллаб-қувватлаган устувор йўналишлар ўрин олган. Мазкур ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг кенг жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, оддий одамлар билан ўтказаётган кўплаб учрашувлари чоғида билдирган мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари ўз ифодасини топган. Бу вазифалар мамлакатимизни яқин беш йил ва ундан кейинги даврда барқарор ривожлантиришнинг йўл харитаси бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддатли кечишини таъминламоқда. Унда ўзбек моделининг узвий давоми сифатида босқичма-босқичлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳаракатлар стратегиясини беш босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ Давлат дастурлари тасдиқланади. Мисол учун, жорий йилга Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб ном берилди. Бешта муҳим устувор йўналишни қамраб олган 320 банддан иборат Давлат дастурида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва амалий ташқи сиёсат юритишга доир вазифалар белгилаб қўйилди. Мазкур йўналишлар бир-бири билан узвий боғлиқ.

Қонун устуворлигини таъминламасдан иқтисодиётни эркинлаштириш, иқтисодиётда рақобатни кучайтиришга эриша олмаймиз. Давлат бошқаруви тизимида жамоатчилик назоратини ривожлантирмай қонун устуворлигини таъминлаш анча мураккаб.

Давлат дастурининг “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш” деб номланган биринчи йўналишини амалга оширишда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлат ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда Олий Мажлиснинг ролини ошириш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ҳар ойда ўн-ўн икки кун жойларга чиқиб, у ердаги ҳақиқий аҳвол билан танишиши амалиёти жорий этилгани сайловчиларимиз, аҳолининг муаммоларини ечишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг бу борадаги таклифлари нечоғлик халқчил бўлганига биз жорий йилнинг февраль, март ойларида жойларга чиқиб, уйма-уй юриб, аҳоли билан ҳамсуҳбат бўлганимизда яна бир бор амин бўлдик, амалий тажриба орттирдик. Очиқ мулоқотларда одамларни қийнаётган муаммолар, сайловчиларнинг фикрлари билан танишдик, бу масалаларни жойида ечишга кўмаклашдик. Ўрганишлар натижасида бир қатор қонунларга аҳоли талаби асосида ўзгартириш, қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда. Парламент назорати шаклларидан кўпроқ фойдалана бошладик, жойлардаги маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳам сезиларли даражада фаоллашмоқда.

Бизнинг гуруҳимиз Наманган вилоятининг Чуст туманида ўрганишлар олиб борди. Аҳолини қийнаётган бир қатор муаммоларни ечиш, хусусан, бандликни таъминлаш чораларини изладик. Бунинг учун аввало тадбиркорлик ривожланиши керак. Бироқ туманда тадбиркорлар узлуксиз электр, газ билан таъминланган кичик саноат зонаси йўқ. Биз бу борада туман ҳокимлигига ўз таклифларимизни бердик. Ҳозир туманда саноат зонаси ташкил этиш учун ер ажратилиб, тадбиркорларга электр ва газни мунтазам етказиб бериш, йўл инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Агар ушбу лойиҳа амалга оширилса, туманда мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Чуст тоғли туман бўлгани боис у ерда интенсив боғларни кўпайтириш учун қулай шароит мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятларга сафари чоғида жаҳон бозорида харидоргир бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шуларни инобатга олиб, туманда ёнғоқ, унаби етиштиришга қаратилган боғларни кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Тадбиркорларнинг таклифларини ўрганишда давом этмоқдамиз. Амалдаги қонунчилигимизда хориждан янги ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинганда бир қатор имтиёзлар берилган. Мазкур имтиёзлардан фойдаланилган ҳолда олиб кирилган ускуналарни беш йилгача сотиш мумкин эмаслиги ҳам кўрсатилган. Вақт шиддат билан ўтаётган ҳозирги кунда тадбиркор келтирган ускуналарнинг ўрнига янги тежамкор ва самаралилари бозорга кириб келмоқда. Яъни ишлаб чиқариш ускуналарини тез-тез, икки-уч йилда алмаштириш зарурати пайдо бўлмоқда. Қонунчилигимиз бунга қулай имконият яратиши лозим. Биз мана шу йўналишдаги таклифларни жамлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритдик.

Ҳаракатлар стратегиясида парламент назоратини такомиллаштиришга оид Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарорини қабул қилиш, парламентнинг халқаро муносабатларни янада ривожлантиришдаги ўрни ва ролини ошириш мақсадида парламент фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Бугунги кунда Олий Мажлис палаталарида хорижий давлатлар парламентлари билан дўстлик гуруҳларини тузиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, чет эллик ҳамкорларни мамлакатимизга инвестициялар киритишга жалб қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Давлат дастурида жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш, халқимиз билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш борасида янги механизмларни жорий қилиш назарда тутилган. Жойларда очилган Президентимизнинг Халқ қабулхоналари бунинг ёрқин мисолидир.

Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқарувини такомиллаштириш, аввало, давлат хизматини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг замонавий шаклларини, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бунда “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш назарда тутилганини алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур қонун давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти каби масалаларнинг барчасини тартибга солади. Бу орқали давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга эришилади.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш ҳам белгиланган. Бу каби янгиликлар давлат бошқарувини янада демократлаштириш, давлат идораларини халқимизга яқинлаштиришга хизмат қилади. Президентимиз илгари сурган ҳаётий ғоя – халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги қонунлар даражасида мустаҳкамланади.

Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, Ўзбекистонимизнинг энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олишига хизмат қилади.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 912






Все о погоде - Pogoda.uz