Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2018 21:04 Чоп этиш версияси

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламига қандай имкониятлар берилган?

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламига қандай имкониятлар берилган?
Иқтисодиёт вазирлигида Президентимизнинг 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий заиф қатлами, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг фаровонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришда мазкур қарор муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда жами квоталанган иш ўринлари сони – 103 мингтани ташкил этиб, шундан 15,6 мингтаси ногиронлар учун ажратилган. Айни пайтда давлат пенсияси билан таъминланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг 13,6 минг нафари расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

2017 йилда 3 минг 602 нафар ногиронлиги бўлган шахс бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан квоталанган иш ўринларига жойлаштирилди. Жорий йилнинг шу даврига қадар бу кўрсаткич 858 тани ташкил этди.

Қарорга мувофиқ, алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёз ва преференциялар берилган. Жумладан, харидор томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” қийматда сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдолари натижаларига кўра, танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари билан унинг таклифлари ўртасида тенг шароитлар юзага келган ҳолларда битимни тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи берилади ҳамда давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

Бундан ташқари, товар ва хизматлардан тушган даромаднинг камида 20 фоизини Брайль алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болалар учун адабиётлар чоп этиш, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар тайёрлашга сарфлаган ишбилармонлар ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30 фоизи ижтимоий заиф қатламдан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари учун имтиёз ва преференциялар мавжуд.

Ҳужжатда бу каби тадбиркорлик субъектларига айланма маблағини тўлдириш учун – уч ойлик имтиёзли давр билан 18 ойгача муддатга ҳамда асбоб-ускуналар ва керакли материаллар харид қилиш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга кредитлар ажратилади.

Даврон Суннатов, ЎзА
6 299