ЎзА Ўзбек

11.07.2019 18:33 Чоп этиш версияси

Аҳолини ёнғинлар ва фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш қандай йўлга қўйилган?

Аҳолини ёнғинлар ва фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш қандай йўлга қўйилган?
Ислоҳотлар ижроси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10 апрель куни “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонни ҳамда “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қабул қилинган мазкур ҳужжатларга асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига Ички ишлар вазирлигидан Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари, Ёнғин хавфсизлиги институти, Мудофаа вазирлигидан эса Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатишни бошқарув хизмати ўтказилди. Шунингдек, Гидрометеорология хизмати маркази Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла ҚЎЛДОШЕВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати тизимдаги янгиликлар, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида бўлди.

– Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зиммасига ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қандай янги вазифалар юклатилди?

– Президентимизнинг фармон ва қарори қабул қилиниши билан республикамиз аҳолиси ва ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган хизматлар учун ислоҳотларнинг янги босқичига тамал тоши қўйилди.

Айтиш керакки, республикамиз аҳолиси ва ҳудудларини табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишларда, жумладан, ёнғин ва авария-қутқарув техникаси ва жиҳозларининг маҳаллий турлари ишлаб чиқарилишини ривожлантириш орқали моддий-техник база босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалдаги тизимда хавфсиз ҳаёт фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор омилларнинг мавжудлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Хусусан, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тизимлари тарқоқ ҳолда фаолият юритиб келаётган, мобиллик ва куч-воситаларнинг, ёнғинларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарли даражада эмас, тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмлари самарадорлиги паст, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг узлуксиз суткалик мониторинги, тезкор бошқарув ва ўз вақтида ҳамкорликда ҳаракат қилишнинг ягона самарали тизими ташкил этилмаган, соҳани илмий жиҳатидан таъминловчи таянч олий таълим муассасаси ҳамда махсус тадқиқот маркази йўқ эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тизим фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада бутунлай янгича бўлган тизимни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга йўл очилди.

Мазкур ҳужжатлар билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, ёнғинларнинг самарали профилактикаси ва олдини олишни таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича давлат ёнғин назоратини амалга ошириш, ёнғинларни ўчиришни, ёнғин содир бўлган ҳудуддаги инсонларни ҳамда уларнинг мол-мулкини қутқаришни ташкил этиш, шунингдек, атроф табиий муҳитни ёнғинлардан асраш каби вазифалар юкланди.

Эътиборли жиҳати, туман, шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлимлари базасида тегишли фавқулодда вазиятлар бўлимлари шакллантирилмоқда.

– Тизим ходимларининг ижтимоий ҳимояси борасида қандай ишлар қилинмоқда?

– Албатта, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилган Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва Ёнғин хавфсизлиги институтининг шаҳодатланган ходимлари учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиларига назарда тутилган барча ижтимоий имтиёзлар ва пенсия кафолатлари сақланиб қолинади. Ёнғин бўлинмаларининг ишчи-хизматчилари “қутқарувчи” мақомига эга бўлганидан сўнг, иш ҳақи миқдори сезиларли даражада кўтарилади.

– Кадрлар тайёрлаш тизими тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берсангиз?

– Фавқулодда вазиятлар вазирлигида кадрларни тайёрлаш ва илмий ишларни ташкил этиш бўйича ягона тизимни яратиш мақсадида, Президент фармони билан Ёнғин хавфсизлиги институти, Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази, шунингдек, Фуқаро муҳофазаси институти негизида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ташкил этилди.

Академияда мутахассисларни кундузги ва сиртқи таълим шаклда фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида олий таълим берувчи, икки босқичли тайёрлаш тизимига (бакалавр ва магистратура) ўтказиш вазифаси юклатилди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 28 июнь куни Президентнинг “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, вазирлик тизимида ҳам “Темурбеклар мактаби”нинг ташкил этилиши белгиланган. Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежи “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейига айлантирилди.

Бу, ўз навбатида, ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, юксак интеллектуал салоҳиятга, замонавий фикрлаш ҳамда дунёқарашга эга, давлатимиз манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга қодир этиб тарбиялашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

– Ёнғинлар ва фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари қай тартибда йўлга қўйилган?

– Давлат ёнғин назорати органлари ходимлари ёнғинларнинг барвақт олдини олиш мақсадида аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда, тушунтириш ишларини олиб бормоқда, ўқувчи-ёшлар иштирокида викторина ва кўрик-танловлар, профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, ОАВда ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида телекўрсатув, радиоэшиттиришлар, турли лавҳалар тайёрланмоқда, босма ва интернет нашрларида мақолалар чоп этилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, содир бўлаётган ёнғинларнинг 30 фоизига яқини электр сим ва кабелларининг нотўғри уланиши ва электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилмаслигидан келиб чиқмоқда. Шунингдек, газ жиҳозларининг носозлиги ва улардан нотўғри фойдаланиш сабабли газ ва ҳаво аралашмаларидан чақнашлар ҳосил бўлиши ҳамда улар оқибатида ёнғинлар содир бўлмоқда. Бундай нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида, идоралараро ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, аҳоли турар жойларида хонадонма-хонадон юрган ҳолда, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда. Профилактик тадбирлар давомида аҳолининг барча қатламларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилмоқда ҳамда хавфсизлик қоидаларини тарғиб этувчи эслатма, буклет, флаер ва йўриқномалар тарқатилмоқда.

– Ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мониторинг ва прогнозлаш жараёни ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Маълумки, ривожи ёки фаоллашуви фавқулодда вазиятга олиб келадиган хавфли табиий-техноген жараён ва ҳодисаларни тизимли ҳолда кузатиб бориш, мониторинг ва прогнозлаш асосида тегишли профилактик тадбирларни самарали амалга оширишга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга эришиш мумкин. 

Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал хавф манбаларини барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли кузатув ва назоратни ташкил этиш, амалга ошириш, уларнинг ривожланиш эҳтимоли, фаоллашуви динамикаси ва кўламини олдиндан прогнозлаштириш, фавқулодда вазият юзага келиш хавфи ва унинг оқибатлари тўғрисида доимий ва автоматлаштирилган ҳолда ахборот алмашинувини таъминлаш, шунингдек, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатга кўра, табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли кузатув ва назоратни ташкил этиш, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш, прогнозлаш маълумотларини, шунингдек, уларнинг юзага келганлиги ва оқибатлари тўғрисида доимий ва автоматлаштирилган ахборот алмашинувини таъминлаш, фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли табиий, техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг ривожланиш эҳтимоли хусусияти ва кўламини олдиндан прогнозлаштириш ягона тизимнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Ягона тизимни хавфли табиий, техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш функцияларини бажарадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар тузилмаларининг мажмуи сифатида кўриш мумкин.

Ягона тизим фаолиятини табиий, техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлашни тизимли назорат қилиш ва ечилиши лозим бўлган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ягона тизимга кирувчи вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Бугунги кунда, вазирликнинг тегишли хизматлари томонидан ойлик, чораклик ва йиллик прогноз маълумотлари тайёрланиб, вазирликнинг таркибий тузилмаларига тегишли профилактик тадбирларни ташкил этиш мақсадида юборилмоқда.

Бу каби чора-тадбирлар фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, албатта.

ЎзА мухбири Озода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.