ОНЛАЙН
Сенат ялпи мажлисида “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Аҳолини рўйхатга олиш – бу Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси тўғрисида ишончли ва холис ахборот йиғишни таъминлайди.
Бу жараён фақатгина аҳолини сонини аниқлаш учунгина ўтказилмайди. Балки бу оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш учун ҳам зарур.
Аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш ҳам аҳоли сонига қараб белгиланади.
Демак, аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисоби, ҳисоб-китоблар ҳамда прогнозлари амалга оширилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотлар амалга оширилдаи.
Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.