ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Урганч шаҳрида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қилинадиган ишларга бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Ҳар қандай давлатнинг тарихи – бу биринчи навбатда унда яшайдиган халқнинг тарихи, аҳолисининг сони ва таркиби, унинг иқтисодий ва ижтимоий тавсифларида ўз ифодасини топади.

Аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Урганч шаҳрида барча туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, статистика, кадастр, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар ташкил этилди.

Мамлакатимизда кейинги 30 йилликда биринчи маротаба аҳоли рўйхатдан ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони мамлакатимиз тараққиёти йўлида қўлга киритилажак асосли ва ишончли маълумотлар базасини яратиш, республикадаги ижтимоий вазиятга янада ойдинлик киритишга хизмат қилади. Чунки маҳаллий ҳамда хорижий компанияларнинг самарали фаолиятида ҳудудлардаги реал ҳолатни билиш, прогноз қила олиш муҳим омиллардан саналади. БМТ тавсияларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда камида бир маротаба ўтказилиши белгиланган.

– Хоразм вилоятида ҳам рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар эндиликда ягона электрон ахборот тизимига киритилади, – дейди вилоят статистика бошқармаси мутахассиси Дилфуза Жуманиёзова. – Натижада вилоятнинг шаҳару туманидан тортиб маҳаллаю кўчасигача, чекка қишлоқларгача алоқадор барча маълумотни ўзида акс эттирган кенг қамровли ахборот манбаига эга бўлади. Бу қимматли маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларидан миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ва мониторингни юритишда, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланилади. Бу омил жамият тараққиётининг негизи эканлиги шубҳасиз.

7 337
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА