ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Аҳолига етказиб берилаётган унлар сифатли, аммо бошқа бир талабга жавоб бермаслиги аниқланди

Аҳолига етказиб берилаётган унлар сифатли, аммо бошқа бир талабга жавоб бермаслиги аниқланди

Маълумки, пандемия сабабли уннинг барча ҳудудларга бир маромда етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, ҳукумат томонидан биржа савдоларисиз, маҳсулотнинг тўғридан-тўғри шартномалар билан сотилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳукумат топшириғига асосан «Ўздонмаҳсулот» корхоналарида ишлаб чиқарилган ун маҳсулоти учун белгиланган нарх солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қатъий назоратга олинган. Aммо ун сифатига бўлган эътибор ҳам шу даражадами? 

Яқинда Чуст туманида истиқомат қилувчи фуқаро Камолиддин Рафиқов томонидан «аҳолига тарқатилган ун сифатсиз экан, тандирга ёпилган нонлар оқиб кетяпти» қабилидаги видеохабар ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ходимлари тегишли жойга боришди. Хабарда баён этилишича, фуқаро Рафиқов «Султонмаркетсавдо» томонидан тарқатилган «Попдонмаҳсулот»нинг 25 кг. унидан харид қилган, аммо пиширилаётган нонлар тандирдан оқиб кетганлигидан сўнг уннинг сифатсиз эканлигини тушунган. Федерация ходимлари томонидан уннинг сифатини аниқлаш мақсадида лаборатория назоратига юборилди. Натижалар шуни кўрсатдики, уннинг санитар эпидемиологик ҳолати натижаси истеъмолга яроқли эканлиги, аммо Ўзстандарт талабларига тўлалигича жавоб бермаслиги аниқланди. Яъни уннинг хом елимлилик фоизи юқори.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати

5 901
ЎзА