ЎзА Ўзбек

12.06.2018 16:44 Чоп этиш версияси

Аҳолидан қадимий китоблар сотиб олинмоқда

Аҳолидан қадимий китоблар сотиб олинмоқда
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар харид қилинди. Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига қараганда, жамғарма ижро этувчи дирекцияси, Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва ноёб ҳужжатлар эгаси бўлган жисмоний шахслар ўртасида ўрнатилган тартибда шартномалар тузилди ҳамда 29,2 млн. сўм маблағ ноёб ҳужжатларнинг эгаларига ўтказиб берилди.

photo_2018-06-11_18-22-55.jpg

Харид қилинган 38 турдаги китоблар, қўлёзмалар тарихий, бадиий, адабий, диний ва илмий аҳамиятга оид манбалар ҳисобланади. Аҳолидан ноёб китоблар, тарихий хужжатлар сотиб олинаркан, уларни илмий муомалага киритиш мақсад қилиб қўйилган. Ёш тадқиқотчиларга тадқиқот манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган бу тарихий ашёлар аҳоли қўлида қолиб йўқолиб кетиши ёки яроқсиз ҳолга келишининг олди ҳам олинади. Бундан ташқари, қўлёзмаларни зарур шарт-шароитларда сақланиши, реставрация қилиниши таъминланади. 

photo_2018-06-11_18-23-23.jpg

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма мерос жамланган бўлиб, унинг салмоқли қисми Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Ҳар бири улкан маънавий обида, маданият дурдонаси бўлган бу қўлёзмалар фонди жаҳон миқёсида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бебаҳо хазинадир. 

photo_2018-06-11_18-22-52.jpg

Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Институтнинг қўлёзмалар фонди олтита алоҳида бўлимдан ташкил топган бўлиб, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан ташкил топган.


6 473