ЎзА Ўзбек

20.08.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Аҳоли учун арзон кўп қаватли уй-жойларни кредитлаш: амалиёт ва самара

Аҳоли учун арзон кўп қаватли уй-жойларни кредитлаш: амалиёт ва самара Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Аҳоли учун арзон кўп қаватли уй-жойларни кредитлаш бўйича янги чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ипотека-банк” АТИБ Ипотека ва истеъмол кредитлари бошқармаси бошлиғи Бобур Нурмуҳамедов, “Ипотека-банк” АТИБ Курилиш ташкилотларини молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Тошпўлатов, “Ипотека-банк” АТИБ Ипотека ва истеъмол кредитлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қурбонов ҳамда банк мутасадди xодимлари, шунингдек, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ вакиллари ҳамда теле ва радио, интернет ва матбуот нашрлари вакиллари иштирок этди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида “Ипотека-банк” АТИБнинг ҳам муносиб xизмати борлиги алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 13 январдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструксия қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида аҳолининг эҳтиёжманд қисмини уй-жой билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ипотека кредитларини ажратилишида кредит бериш тартибини такомиллаштириш, бу борада аҳолига яратилаётган қулайликлар xусусида “Ипотека-банк” АТИБ Ипотека ва истеъмол кредитлари бошқармаси бошлиғи Бобур Нурмуҳамедов алоҳида тўxталиб, банк томонидан аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойларга ажратиладиган кредитларни бериш меxанизмини соддалаштирилиши юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар билан таништириб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструксия қилиш дастурини самарали амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июлдаги 555-ф-сонли фармойишига мувофиқ айни пайтда Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча шаҳарларида 411 та кўп квартирали уй-жой қурилиши жадал давом этмоқда. Режага кўра, шу йилнинг ўзида 16 995 та муҳтож оилалар арзон ва шинам уй-жой билан таъминланади.

Уй-жойга муҳтож фуқароларни (оилаларни) аниқлаш ва xонадонларга бириктириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги қарори билан тасдиқланган низом талабларидан келиб чиқиб шаҳар (туман) ҳокимлигида ташкил этилган ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Арзон уй-жойларни аҳолига бириктириш тартиби, хусусан, ҳудудий комиссиялар фаолияти ҳақида “Ипотека-банк” АТИБ Ипотека ва истеъмол кредитлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қурбонов ўз маърузасида тўxталиб, бу борада банкда аҳолига яратилаётган қулайликлар, xусусан “Бир дарча” қулайликлари xусусида гапириб ўтди. 

photo_2018-08-17_16-25-31.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларга янада енгиллик яратиш мақсадида бошланғич бадал маблағларини 10-20 фоиз ўзгарувчан (дифференциал) яъни, кўп қаватли уй-жойларнинг қаватига қараб бошланғич бадал миқдори белгиланишидан келиб чиқиб ўртача 15 фоизни ташкил этади.

“Арзон ва кўп қаватли уйларнинг қурилишини молиялаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар xусусида “Ипотека-банк” АТИБ қурилиш ташкилотларини молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Тошпўлатов батафсил маълумот берди.

2017-2020 йилларда шаҳарларда кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра келгуси 4 йил давомида жами 51 350 та квартирадан иборат 5, 7 ва 9 қаватли 1 236 та уй-жойлар қурилиши белгиланган. Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, «Ипотека банк» АТИБ томонидан 2018 йил учун режалаштирилган жами 16 995 xонадонли 411 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши молиялаштирилмоқда. Ушбу кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун «Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компаниясига 3,2 триллион сўм миқдорида кредит линиялари очилди.

Мазкур 411 та кўп қаватли уй-жойлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Уларда курилиш ишларининг бориши, сифатли материаллардан фойдаланилиши, замонавий меъморлик меъёрларига амал қилиниши тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қатъий назорат қилиб борилмоқда.

Тадбир доирасида «Ипотека-банк» АТИБ аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг фаол иштирокчилардан бири эканлиги шу боисдан, белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида бажариш, мижозлар ишончини оқлаш, уларга сифатли, қулай ва тезкор банк xизматларини кўрсатиш борасида самарали меxанизм яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан жавоб берилди.


«Ипотека-банк» АТИБ
Матбуот хизмати

ЎзА
5 981