Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.09.2017 20:21 Чоп этиш версияси

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтган тадбир соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, ушбу соҳада депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш масалаларига бағишланди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган семинарда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия ва вазирлик олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли саломатлиги йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар кўлами хусусида сўз юритди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил сентябрдан буён соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 1 та фармони, 16 та қарори ва 10 та фармойиши қабул қилинди. Семинарда мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланиш даражасини яхшилаш масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Шунингдек, ягона давлат ва идоравий ҳисобот шаклларини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. Миллий тиббиёт стандартлари реестрини юритиш, унда янги стандартларни қайд этиш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг халқаро сифат менежменти тизими талаблари ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашни жадаллаштириш лозимлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, камчилик ва муаммолар, уларнинг ечими юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида аҳолининг хабардорлик даражаси, яъни тизим фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиш масалалари ҳам семинар иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тиббиёт соҳасида самарали парламент назоратини ўрнатиши муҳимлиги таъкидлаб ўтилган эди. "Ишонч телефонлари"га фуқаролар томонидан бўлаётган кўплаб шикоят ва мурожаатлар Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Комиссия томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 610






Все о погоде - Pogoda.uz