Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 16:32 Чоп этиш версияси

Аҳоли саломатлиги – жамият тараққиёти гарови

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси марказий кенгаши ташаббуси билан пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Журжоний маҳалласида “Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиётининг гарови” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ва Республика “Оила” илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда соҳа мутахассислари, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Нурматова, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Тошкент шаҳар филиали директори Ф.Раҳматуллаева ва бошқалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда оилавий поликлиника ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари, патронаж ҳамшираларнинг масъулиятини ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида тиббий хизматлар тизимини кучайтириш, скрининг ва перинатал марказлар, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

– Фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш, баркамол авлодни вояга етказишга эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тизимли ишларни янги босқичга олиб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда, – дейди партиянинг "Аёллар қаноти" кенгаши раиси, тиббиёт фанлари доктори Зуҳра Ботирова. – Партиямиздан сайланган депутатлар жойларда ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда бу масалага алоҳида эътибор бериб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни жонли мисоллар орқали аҳолига етказиб бормоқда.

Тадбирда хотин-қизлар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соҳада ишга солинмаётган имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш, жойлардаги мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
3 471






Все о погоде - Pogoda.uz