Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Аҳоли саломатлиги – долзарб масала

Олий Мажлис қуйи палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан халқимизга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Депутатлар соҳага доир қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва кўлами ошишига, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашга, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Хусусан, 2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1 минг 200 дан зиёд ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди. Бу ҳудудларнинг транспортга бўлган эҳтиёжини қоплаш имконини берди. Тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш сифати тубдан янгиланди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилди. Тез тиббий ёрдам чақириқларини ўз вақтида қабул қилиш, саралаш ва аниқ манзилга узатиш мақсадида тез тиббий ёрдам диспетчерлари учун махсус ўқув курслари ташкил этилди. Шошилинч ҳолатларда ҳаракат қилиш учун 52 касаллик бўйича тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона даволаш стандартлари тасдиқланди. Кўплаб қишлоқ оилавий поликлиникалари негизида ҳамда тугатилган ҚВПлар ўрнида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди.

Ўтган йили Қонунчилик палатасида соғлиқни сақлаш соҳасига оид 14 парламент эшитуви ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш вазирининг ҳамда барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида жойлардаги соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг ахбороти юзасидан 450 дан ортиқ эшитув Қонунчилик палатаси депутатларининг иштирокида ташкил этилди.

Давра суҳбатида тиббиёт соҳасида амалга оширилиши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
9 623