ЎзА Ўзбек

07.05.2019 15:15:33 Чоп этиш версияси

Аҳоли нима учун рўйхатга олиниши керак?


Аҳолини дастлаб рўйхатга олиш қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. 

Аҳолидан солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун аҳоли сонини аниқлаш муҳим бўлгани сабабли ҳам айни ишлар қилинган. Эркакларнинг иқтисодий ўрни юқори бўлгани, солиқ тўлашда фақат эркаклар, яъни оила бошлиқлари қатнашгани боис, асосан эркаклар рўйхатга олинган.

Аҳолини илк бор расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801 йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо рўйхатга олиш жуда оддий шаклда бўлиб, узоқ муддатга чўзилган. АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда – 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда – 179 та давлатда аҳоли рўйхати ўтказилган. Ҳозирги пайтда дунёдаги деярли барча давлатда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.

XIX асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди.

Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. XIX аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, XX аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Мамлакатимизда...

Республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари XIX аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.

Халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олишни марказлаштириш, рўйхатга олишнинг мунтазамлиги, махсус тайёрланган мутахассислар – ҳисобчилар томонидан ўтказилиши, аниқ бир муддатда ўтказиш, белгилаб қўйилган аниқ дастурининг мавжудлиги ва тадбирни унга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш, аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши, маълумотларнинг махфийлиги ва шахсийлаштирилиши, ихтиёрийлик каби тамойилларга асосланади.

Маълумот беришдан бош тортганлар учун жарима бор

Буюк Британияда ҳар галги аҳолини рўйхатга олишдан тахминан бир йил аввал бунга доир алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади. Бу қонунда аҳолини рўйхатга олиш услубига аниқлик киритилади, муддати ва бунинг учун ажратиладиган маблағ миқдори белгиланади. Буюк Британияда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда одатда апрель ойида ўтказилади. Бу сананинг танланиши мамлакатда аҳоли ўртасида оммавий тадбирларнинг ўтказилиши учун об-ҳаво қулай бўлиши билан изоҳланади.

Мамлакатда аҳолини рўйхатга олишга жалб қилинадиган ижтимоий ходимларга қатъий талаблар қўйилади. Улар махсус курсларда тайёргарликдан ўтишлари шарт. Бу ходимлар рўйхатга олиш бошланишидан уч кун аввал ўз ҳудудларидаги аҳолини сўров варақасини тўлдириш билан таништириб чиқиши талаб қилинади.

АҚШда 1790 йилдан буён ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказиб келинади. Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатнинг кўп асрлик қонунчилик асосига таянади.

Польшанинг 1999 йилдаги Аҳоли рўйхати тўғрисидаги қонунига мувофиқ, мамлакат фуқаролари рўйхатга олувчи ҳисобчини хонадонига киритиб, унинг саволларига жавоб бериши ёки сўровнома варағини ўзи тўлдириши мумкин. Лекин аҳолини рўйхатга олиш тартиб-қоидаларидан батафсил таниш бўлмаган фуқаролар учун бу осон бўлмаган, сабаби аҳоли рўйхатини ўтказиш йўриқномаси 200 варақдан иборат бўлган.

Польшанинг ҳар бир фуқароси сўровнома саволларига тўла ва ҳаққоний жавоб бериши шарт. Маълумот беришдан бош тортиш учун жарима тўланади, ёлғон маълумот берганлик учун эса озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти

Аҳолини рўйхатга олишни аниқ бир муддатда ўтказиш тадбирини амалга оширишга одатда 10-12 кун талаб этилади. Аҳолини рўйхатга олиш бир неча кун давомида ўтказилса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда – кўпинча аҳолини рўйхатга олиш биринчи кунининг 0 соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти, деб ҳам аталади.

Масалан, чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин туғилган бўлса, у аҳоли рўйхатига киритилмайди. Лекин кимдир бу аниқ нозик муддатда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли рўйхатига киритилади.

Ўзбекистонда Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида қонун қабул қилинмаган бўлсада, Президентимизнинг жорий йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган босқичлар белгиланган. Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири бизга нима беради?

– Маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда ишлатилади, аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Статистика идоралари томонидан ташкил этиладиган танлама кузатувларни ташкил этишда маълумотлар базаси сифатида қўлланилади ва мониторинг юритишга хизмат қилади. Аҳоли пунктларининг инфратузилмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш, жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда қўлланади.

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек, давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.