Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 20:26 Чоп этиш версияси

Аҳоли ишончи – энг муҳим омил

Аҳоли ишончи – энг муҳим омил
Навоий вилояти Кармана туманида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди ва Бош прокуратура масъуллари иштирокида Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа ва Навбаҳор туманлари аҳолиси билан очиқ мулоқот ҳамда сайёр қабул ўтказилди. 

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 июлда эълон қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, судларнинг фақат жазолаш тизимидан ўзаро яраштириш, адолатни тиклаш, афв этиш каби босқичга ўтиши аҳолининг давлатга ишончини мустаҳкамлаш, айбланувчига яна бир бор имкон бериш ва уни тўғри йўлга солишда самарали омил бўлаётир.

17-faqat saytga.jpg

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков шу хусусда тўхталиб, миллий қонунчилигимизга медиация тўғрисида меъёрий ҳужжат киритилиши турли низо ва зиддиятли вазиятларга муносиб ечим топиш, томонларнинг ўзаро келишувига эришиш, жазолаш ва бошқа чораларнинг олдини олишда қўл келаётганини таъкидлади.

Очиқ мулоқот ва сайёр қабулда фуқароларнинг таклиф-мулоҳазалари, уларни кўпдан бери қийнаб келаётган муаммолар, ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳамда суд органлари томонидан чиқарилган қарор ва ҳукмлардан норозилиги ҳолатлари ўрганилди. Мавжуд тўртта суд масъуллари ҳар бир мурожаатни тинглаб, уларга қонуний жавоб ва ҳуқуқий маслаҳат берди.

Хусусан, Навбаҳор тумани “Юқори Бешработ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадаминжон Бердирасулов ва унинг отаси Туйғун Маҳмудов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ташаккурнома билдирилди. Гап шундаки, жорий йил 19 май куни Мадаминжон ўз бошқарувидаги “Tiko” русумли автомашинасида эҳтиётсизлик оқибатида йўл бўйлаб велосипедда ҳаракатланаётган фуқарони уриб юборади. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси енгил тан жароҳати олади. Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилади. Туман суди томонидан маҳаллада сайёр суд ўтказилиб, жабрланувчи ва айбланувчининг ўзаро ярашувига эришилгач, иш ҳаракатдан тўхтатилади. Бу билан бир инсоннинг эҳтиётсизлик туфайли жиноятчига айланиб қолиши, фарзандлари келажаги ва тақдирига путур етишининг олди олинди.

18.jpg

Навоий шаҳридаги “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкатида ўз дала-ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган Гулистон Жуматованинг мурожаати қатор йиллардан буён ечимини топмай келаётгани маълум бўлди. Фуқаронинг сўзларига кўра, иссиқхона эҳтиёжи учун фойдаланилган газ истеъмоли қарздорлик сабаб 2016 йил 16 июнь куни огоҳлантиришсиз тармоқдан узилган. Газ идораси маълумотлари асосида 242 минг сўм қарздорлик тўланади. Бироқ маълум муддат ўтгач, хонадон соҳибининг хатти-ҳаракатларига нисбатан далолатнома тузилиб, иш судга оширилади. Оқибатда истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасига асосан давлатга етказилган 4 миллион 482 минг 285 сўм миқдоридаги моддий зарарни қоплаш мажбуриятини олади. Ўзбекистон Республикаси Олий судига қилинган мурожаат сабаб айблов ва суд қарори бекор қилинади. 4 нафар фарзандни тарбиялаётган вақтинча ишсиз хонадон соҳиблари иссиқхонани тиклаши, газ тармоғига қайтадан уланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мутасаддилар тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар берди.

Аҳоли билан учрашувлар куннинг иккинчи ярмида Хатирчи туманида давом этди. Унда фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, аксариятига ҳуқуқий ечим топилди.

Сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА