Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 15:33 Чоп этиш версияси

Аҳоли қишлоқда шоқол кўпайиб кетганидан шикоят қилмоқда

Аҳоли қишлоқда шоқол кўпайиб кетганидан шикоят қилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида Қилқали овули бор. Ушбу овул аҳолиси қишлоқда шоқол кўпайиб кетганлигидан шикоят қилмоқда. Ёввойи ҳайвонлар аҳолини товуқларни еб кетмоқда, охирги пайтларда қўзи-улоқларга ҳужум қила бошлади. 

– Шоқоллар кундузи ҳам уйимизнинг олдигача келадиган бўлди, – дейди қишлоқ вакилларидан бири Шамшетдин Беканов. – Қишлоқдаги 3-4 хонадоннинг улоқларини тортиб кетди. Энди эчкиларга ҳам ҳамла қила бошлади. Болаларимизни уйдан чиқаришга хавотир қила бошладик.

Аниқланишича, шоқолларнинг кўпайиши кейинги йилларда сезиларли ошган. Қишлоқ аҳолисининг таъкидлашича, ўтган йили ҳокимликдан келган вакилларга ушбу муаммо етказилган ва улар буни бартараф қилиш бўйича ваъда берган. Лекин ҳанузгача чора кўрилмаган.

– Йиртқич боқаётган товуқларимни еб битирди, – дейди аҳоли вакилларидан бири Аяпберген Еримбетов. – Яқинда қўрага кириб бир улоқни қонталаш қилган, яна биттасини ўзи билан олиб кетган. Бунга тегишли, масъул идоралар дарҳол чора кўришмаса, қишлоқ аҳолиси хотиржам яшай олмайди. Аввалги йилларда қишлоқдан ташқарида ўлаксаларга заҳар ташланиб, кўпайиб кетган шоқол, тулки ва бошқа йиртқич ҳайвонларнинг бош сони камайтирилар эди. Кейинги пайтларда бу тадбир қўлланилмай қўйди.

Ветеринария хизмати вакиллари бу каби тадбирни амалга ошириш мумкин эканлигини таъкидлайди. Яъни, бунинг учун туман ҳокимлиги расмий талабнома билан чиқиши керак. Сўнг тегишли корхонадан зарур ашёлар олиниб, махсус заҳарли дори тайёрланади ва тегишли ҳудудларга жойлаштирилади.

Шоқол – қутуриш касаллигининг қўзғатувчисини тарқатувчи ҳайвон саналади. Агар у уй ҳайвонларини тишласа, унга дарҳол чора кўрилиши керак.

Шундай ҳолат яқинда Қораўзак туманида ҳам содир бўлган. Яъни, шоқол битта қора молни тишлаган. Қора молни сўйиб, текшириб кўрилганда қутуриш касаллигини юқтирганлиги аломатлари қайд қилинган.

Давлат бионазорат инспекцияси мутасадди вакиллари ҳам агар туман ҳокимлиги томонидан ушбу муаммони бартараф қилиш сўралса, белгиланган тартибда Овчилар жамияти ходимлари сафарбарлигида ҳаддан зиёд кўпайган хавф солувчи ҳайвонлар бош сонини камайтириш мумкин эканлигини билдиришди.

Журналистик суриштирув давомида қишлоқда юзага келган муаммо бўйича туман ҳокимлигига хабар қилинмаганлиги маълум бўлди. Демак, қишлоқдаги муаммони ечса бўлади. Бунинг учун қишлоқ аҳолисининг ташаббуси ва овул фуқаролар йиғини раисининг фаоллиги зарур бўлади.

Есимхон Қаноатов, ЎзА