ЎзА Ўзбек

04.04.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Аҳоли ишчи гуруҳидан миннатдор

Бўз тумани “Мустақилликнинг 15 йиллиги” маҳалласида яшовчи Ҳасанбой Мақсудов 1-гуруҳ ногирони – битта оёқ-қўли ишламайди. Боз устига, фарзанди Сарварбекнинг кўриш қобилиятида нуқсони бўлгани боис доимий даволанишга эҳтиёжи бор.

Ўтган йили ноябрь ойида 3 оила 12 жон яшаётган ушбу хонадонга ўт кетди. Одамлар омон қолган ўлса-да, 8 хонали уй батамом ёниб битди. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй ёрдами билан уйнинг уч хонаси тикланди. Бироқ шундайгаям эҳтиёжманд оилалар рўйхатида турувчи оила фожеадан кейин моддий ва маънавий жиҳатдан анча қийналиб қолди.

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи мазкур оиланинг яшаш шароити билан танишди.

– Оила аъзоларимиз билан ер олиб мавсумий ишларда меҳнат қиламиз, – дейди Наргиза Мақсудова. – Томорқамизда ҳам рўзғор учун керакли маҳсулотларни етиштирамиз. Ишчи гуруҳи ёрдам тариқасида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари – 1 қоп ун, 5 килограмм ёғ, гўшт келтириб беришди. Фаоллар уйимизни тўлиқ таъмирдан чиқариб беришларини ҳам айтишди. Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Айни пайтда ёнғиндан азият чеккан тураржойни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

ЎзА
7 923