ЎзА Ўзбек

20.02.2018 12:33 Чоп этиш версияси

Аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркор ўрни беқиёс

Аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркор ўрни беқиёс Самарқандда ана шу шиор остида бўш иш ўринлари ярмаркаси бошланди.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан келиб чиқиб ташкил этилган тадбирда вилоятдаги 460 дан ортиқ корхона ва ташкилот ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этмоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 4024 нафар ишсиз фуқаро жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган ва уларнинг 1393 нафари ишга жойлаштирилган. 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро жорий йил январь-февраль ойларида Каттақўрғон ва Жомбой туманларида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида ишга жойлаштирилган, 2602 нафар фуқарога ишсизлик мақоми берилган. 

2.JPG

Вилоят бўйича муқаддам судланиб, судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар 2 минг 239 нафарни, чет элдан қайтиб келганлар 32 минг нафарни, кам таъминланган оилалар 15 минг 447 тани ташкил этмоқда. 2016-2017 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган ва ҳозир иш билан банд бўлмаган 7 минг 604 нафар ёшлар мавжуд.

Мазкур меҳнат ярмаркаси ҳам иш топишда қийналаётган кам таъминланган оилалар вакиллари, муқаддам судланганлар, чет элдан қайтиб келганлар, олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар, алимент тўлови ололмаётган аёллар ҳамда ҳозирда ишсиз бўлган шахслар бандлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

7.JPG

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д.Қосимов, Халқаро пресс-клуб раҳбари Ш.Қудратхўжаев мазкур меҳнат ярмаркаси банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш ҳамда фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Ярмарка доирасида вилоятнинг турли ҳудудларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан газ плитаси ва бошқа маиший техник воситалари совға қилинди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, тадбиркорларга банклардан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, куннинг биринчи ярмида 600 дан ортиқ ишсиз фуқарони ишга жойлаштириш бўйича шартномалар имзоланган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),ЎзА
11 166