ЎзА Ўзбек

11.01.2019 20:03 Чоп этиш версияси

Аҳоли қачон ўз ҳуқуқларини танийди?

Аҳоли қачон ўз ҳуқуқларини танийди? “Тараққиёт стратегияси“ марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адлия ахбороти“ брифинги ва қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳига бағишлаб анжуман ўтказди.

Унда ушбу ҳафтада қабул қилинган ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида“ги фармони доирасида суҳбат ўтказилди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот соҳаси мутахассисларининг фикрича, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий равишда олиб борилмаяпти. Бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштироки етарлича таъминланмаган.

Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмаяпти.

Аҳоли ҳуқуқий билимлари етарли бўлмагани боис, давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари устидан судга шикоят қилиш имкониятидан деярли фойдаланмайди. Бу эса мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши ҳолатларини келтириб чиқараяпти.

Аҳоли қачон ўз ҳуқуқини танийди?

Қачонки, унга болаликданоқ ҳуқуқий билимлар берилса. Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича “шахс – оила ‒ маҳалла ‒ таълим муассасаси ‒ ташкилот ‒ жамият” принципи тизимли ва узвий ташкил этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали иш бошлайди.

Аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади. Умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўлами янада кенгайтирилади. Ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмалар тайёрланади ва хонадонларга бепул тарқатилади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматчилар “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

3.jpg


Барно Мелиқулова, Ёқуб Мелибоев (сурат), ЎзА
3 623