ЎзА Ўзбек

17.08.2018 17:05 Чоп этиш версияси

"Ақлли тартибга солиш" модели

"Ақлли тартибга солиш" модели
Бу янги тамойил халқаро экспертларни бефарқ қолдирмади.

“Ақлли тартибга солиш” моделининг элементлари шундан иборатки, бунда мавжуд норма харажатлари фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва жамият томонидан таклиф этилаётган норма лойиҳасида назарда тутилаётган харажатларга тенг ёки ортиқ бўлганда бекор қилинади. Яъни, ҳаётга татбиқ этишга қулай норма танланади. Шу жиҳатдан ҳам бу жараёнга "ақлли" таърифини бериш мумкин.

Мазкур модель Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида татбиқ этилмоқда.

8 (2).JPG

Тошкентда ташкил этилган "Норма ижодкорлиги жараёнида "ақлли тартибга солиш" модели элементларини жорий этишнинг долзарб масалалари" мавзуидаги халқаро давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, GIZ, "Минтақавий мулоқот" каби халқаро ташкилотлар вакиллари, Россия, Қозоғистон, Словения, Бельгия каби давлатлардан экспертлар иштирок этди.

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нодир Жўраев норма ижодкорлигининг самарали ташкил этилиши қонунлар сифати ва таъсирчанлиги ошишига хизмат қилишини қайд этди.

ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор Ўзбекистоннинг жадал тараққиётида 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

5 (2).JPG

Президент фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Бу жараёнда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига электрон кўринишдаги виза қўйиш амалга оширилади.

– Қонунчилик – ҳар қандай давлатнинг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи тизим, – деди Словения Республикаси адлия вазири Горан Клеменчич. – Ўзбекистонда бу соҳа такомиллаштирилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Олти йил аввал мамлакатингизда бўлган эдим. Бу сафар янгиланишларга гувоҳ бўлдим.

Давра суҳбатида норма ижодкорлигига оид янги концепциядан кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Норгул Абдураимова, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА
9 627