ЎзА Ўзбек

02.08.2018 16:29 Чоп этиш версияси

87 миллион долларлик шартнома имзоланди

87 миллион долларлик шартнома имзоланди
Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов раҳбарлигидаги делегация аъзолари Хитой Халқ Республикасининг Сичуань вилоятида сафарда бўлиб, ҳудудлараро савдо-иқтисодий, сайёҳлик ва бошқа муносабатларни янада кенгайтириш юзасидан ташкил этилаётган учрашувларда икки томонлама манфаатли шартномалар имзоламоқда.

Вилоят ҳокимлигидан маълум қилишларича, сафар доирасида сурхондарёликлар ва Сичуань вилояти ишбилармонлари иштирокида бизнес форум ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиз жанубидаги вилоятнинг қулай географик жойлашуви, табиий бойликлари, иқтисодий ва экспорт салоҳияти, хорижликлар учун яратилган қулай ишбилармонлик, инвестициявий муҳит ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Хитойлик тадбиркорларда Сурхондарё вилоятида иқтисодиёт тармоқларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, инвесторлар учун яратилган имтиёз, шароит ва қулайликлар, ҳудуднинг ўзига хос табиий бойликлари катта қизиқиш ўйғотди.

Сичуань вилояти Хитойнинг замонавий саноати юксалган ҳудудларидан бири саналади. Сурхондарё вилояти делегацияси Сичуандаги йирик саноат корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишмоқда. Икки томонлама тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро келишувларга эришаётир.

Элликдан ортиқ хитойлик йирик ишлаб чиқарувчи иштирок этган бизнес форумда Сурхондарёга саноат ва қурилиш моллари, энергия тежовчи технологиялар, электроника, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш йўналишларига сармоя киритиш истаги билдирилди. Бешта йирик саноат корхонаси билан 87 миллион доллар қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан истиқболли шартнома имзоланди.

Сурхондарёликларнинг Хитойдаги сафари давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
12 352