ЎзА Ўзбек

05.07.2018 22:15 Чоп этиш версияси

83 нафар иштирокчи ишли бўлди

Тошкент вилояти Пискент туманида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда 49 корхона ва ташкилот қарийб 500 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Туман ҳокимлиги, прокуратураси, бандликка кўмаклашиш маркази ва Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бу борада уларга қўшимча имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 988 фуқаро ташкилотимизга иш сўраб мурожаат қилди, – дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари М.Мирсоатова. – Уларнинг 361 нафарига маслаҳат берилган бўлса, 627 нафари доимий иш билан таъминланди. 

Меҳнат ярмаркаси доирасида туманнинг илғор тадбиркорлари фаолияти тақдимоти ташкил этилиб, уларнинг тажрибасини оммалаштириш юзасидан фикр алмашилди. Ёшларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ёш тадбиркорларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Ярмаркада 83 фуқарога ишлаш учун йўлланма берилди.


А.Худойқулов, ЎзА
11 010