8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни
Ўтган даврда прокуратура органларининг фаолияти ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб борилди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб, миллий давлатчилигимизни тиклаш, давлат тузилмаларини ташкил этиш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга киришилган.
Бунда асосий эътибор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жумладан, прокуратура органларини собиқ Иттифоқ бўйсунувидан чиқариб, мустақил Ўзбекистоннинг миллий давлат органлари сифатида қайта ташкил этишга қаратилган.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 1992 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тўғрисида“ги фармони қабул қилинди ҳамда собиқ Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилди.
Ўтган даврда прокуратура органларининг фаолияти ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб борилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев асос солган тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ва мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги уч йилда прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ 20 га яқин қонун, фармон, қарор ва фармойиш қабул қилинди.
Биргина мисол, Президентимиз томонидан 2016 йил 19 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни имзоланди.
Энг муҳими, бу ҳақдаги қонун Юртбошимиз Президент сифатида имзолаган биринчи қонундир.
Прокуратура органлари ходимларининг касбий байрами сифатида белгиланган кун прокуратура органларида хизмат қиладиган барча ходимлар, жумладан фахрийлари қалбидаги орзу-умидлар рўёбга чиққан қутлуғ санадир.
Таъкидлаш жоиз, прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда салмоқли ишлар қилинмоқда ва муҳим натижаларга эришилмоқда.
Бугун прокуратура органлари ходимлари зиммаларига юклатилган ҳар қандай вазифани бажаришга виждонан, садоқат ва юксак масъулият билан ёндашмоқда десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Биргина 2019 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида 77 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 134 минг нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган.
20 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар прокурорларнинг протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган, тегишли идораларга 16 мингга яқин тақдимномалар киритилган.
Қонун талабларини бузган 40 мингга яқин шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1.709 та жиноят иши қўзғатилган.
Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида жами 2 трлн. 300 млрд. сўмдан ортиқ зарарнинг қопланиши таъминланган.
Прокуратура органлари ходимларини касб байрами билан табриклаб, ҳар бир ходими Президентимиз таъкидлаганларидек, олижаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси, адолат ва қонунийлик посбони бўлиб, фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қилишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.