ЎзА Ўзбек

23.07.2018 20:04 Чоп этиш версияси

76 нафар ёш ишга йўлланма олди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида “Ёшлар – келажагимиз” шиори остида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилган тадбирда тумандаги 39 корхона-ташкилот ва муассаса 379 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Меҳнат ярмаркасида 76 нафар ёш мутахассисга турли соҳаларда ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 150 нафардан ортиқ иштирокчи билан Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси очиқ мулоқот ўтказди.

– Давлат дастурининг асосий мақсадларидан бири ҳам ёшлар бандлигини таъминлашдир, – дейди Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Шомурод Сатторов. – Шунинг учун барча туман ва шаҳарларда бўш иш ўринлари ярмаркаси ва тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Ёшлар тадбиркор бўлса, нафақат ўзи, балки атрофидаги 5-10 нафар тенгдошини ҳам иш билан таъминлайди.

Вилоятда ёшлар муаммоларини ўрганиш давом этмоқда, учрашув, очиқ мулоқот ва бўш иш ўринлари ярмаркалари манзилли режа асосида ўтказилаётир.

Ўлмас Баротов, ЎзА
4 429