Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 19:45 Чоп этиш версияси

72 миллион сўмлик зарар тўлаб берилди

“Kafolat sug`urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик суғурта компанияларидан биридир.

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори компаниянинг халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишида муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарор билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун суғурта хизматлари кўламини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатларини суғурталаш тизими янада такомиллашди.

Буни суғурта компаниясининг Қашқадарё вилояти филиали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Филиал томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 45 минг 843 суғурта шартномаси тузилган. 1 триллион 59 миллиард 67 миллион 300 минг сўм суғурта жавобгарлиги олинган. 2 миллиард 260 миллион сўмдан ортиқ миқдорда суғурта тушум мукофоти туширилган.

– Вилоятда фаолият юритаётган тижорат банклари билан ҳамкорликда шартномалар тузиш, мижозларга тез ва қулай суғурта хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган, – дейди “Кafolat sug`urta kompaniyasi” АЖ вилоят филиали бошлиғи ўринбосари А.Азимов. – Шунинг ҳисобидан вилоятда мавжуд 11 тижорат банки билан доимий равишда суғурта ишлари олиб борилиб, 856,1 миллион сўм миқдорида суғурта мукофотлари туширишга эришилди. Жорий йил белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш ҳамда суғурта портфелини кенгайтириш мақсадида филиалнинг 2018 йилда бажариладиган ишлари бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоят ҳудудида фаолият юритаётган 30 дан зиёд йирик корхона-ташкилот ва тижорат банкларига суғурта хизматлари бўйича таклифлар берилди. Ҳамкорлик ўрнатилди. Ушбу корхона ва ташкилотларга қарашли мол-мулклар, транспорт воситалари ҳамда ишчи хизматчиларни мажбурий ва ихтиёрий суғурталаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Кafolat sug`urta kompaniyasi” АЖ аҳолига ишончли ва тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида “Online” тартибда суғурта полисларини уйга етказиб бериш хизмати йўлга қўйилган. Бу орқали суғурта полислари Online базаси орқали сотилиб, ҳисобга олиб борилади.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг биринчи ярмида филиалга суғурта зарар қопламасини тўлаб бериш тўғрисида 99 фуқародан ариза тушган. Ушбу аризалар жойларда мутахассислар томонидан ўрганилиб, жами 163 миллион 700 минг сўм миқдорида суғурта қопламаси тўлаб берилган.

Ўтган давр мобайнида 5 кишидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, “Ўзбекистон почтаси” вилоят филиали ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан хамкорликда йиғилиш ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, жорий йил ҳудудларда фуқароларнинг суғурта хизматларига кенг тарғиб этилиши натижасида вилоятнинг сел келиш хавфи бўлган техноген хусусиятга эга ҳудудларида истиқомат қилаётган жисмоний шахсларнинг мол-мулкини суғурталаш бўйича кўплаб суғурта шартномалари тузилди.

– Суғурта бахтсиз тасодифлар, ҳаётимизда учрайдиган турли нохушликлар оқибатида кўрилган зарарлар ўрнини қоплаш орқали фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилувчи тармоқдир, – дейди “Кafolat sug`urta kompaniyasi” АЖ Қашқадарё вилояти филиали тўлов бўйича менежери Ф.Жўраев. – Масалан, жорий йил баҳор ойларида кучли ёмғир ёғиши натижасида Чироқчи тумани Уйшун қишлоғида сел кўпгина жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказди. Сел келиши оқибатида зарар кўрган жисмоний шахслардан 64 нафари бизнинг филиалимиз томонидан суғурталангани аниқланиб, уларнинг аризалари филиал ходимлари томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди. Натижада етказилган зарарлар бўйича ҳозирги кунга қадар 72 миллион сўм миқдорида суғурта қопламалари тўлаб берилди. Уй-жойлари суғурталанган бошқа фуқароларга суғурта тўловларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ёки мол-мулкига етказилган зарарлар ўрни қопланишини кафолатлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда суғурта компанияларининг ўрни катта. “Кafolat sug`urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти Қашқадарё вилояти филиали ҳам бу борада самарали ва ишончли фаолият олиб бормоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
4 415