ЎзА Ўзбек

13.05.2018 12:14 Чоп этиш версияси

70 нафар кам таъминланганларга 70 дона газ плитаси

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди.

Тадбирда шаҳарда истиқомат қилаётган 70 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила вакилларига вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Президент совғаси – газ плиталари топширилди.

– Оиламизда мен ҳам турмуш ўртоғим ҳам ногиронмиз, – дейди Маънавият маҳалласида истиқомат қилувчи, туғма ногирон Иноят Ўринбоева. – Вояга етмаган 2 нафар фарзандимиз бор. Маҳалламиз фаоллари хонадонимизга келиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволимизни ўрганди. Турмуш ўртоғимни ҳам, мени ҳам маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Райимов жамоатчилик асосида ҳақ тўланадиган ишга жалб этди. Яроқсиз аҳволга келиб қолган эски плитамизни кўриб, янги газ плитаси совға қилишларини
айтганларида, тўғриси ишонмадим. Бугун бу ерга келиб, ўзимиздаги “Артел” фирмасида ишлаб чиқарилган замонавий газ плитаси совға қилишганида эса беихтиёр кўзимда ёш чиқиб кетди. Биз ночорларни ўйлаётган, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан бир умрга миннатдормиз.

Вилоятнинг яна 2 шаҳри ва 8 туманида ҳам худди шундай саховат тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

А.Қаюмов, ЎзА
6 361