70 килограмм пахта терган 92 ёшли онахон яна пахта теради
Тошкент вилояти Пискент туманида истиқомат қилувчи Куйсиной она Анорбоева 92 ёшда бўлишига қарамасдан пахта даласига чиқиб, теримда иштирок этган эди.
Тошкент вилояти Пискент туманида истиқомат қилувчи Куйсиной она Анорбоева 92 ёшда бўлишига қарамасдан пахта даласига чиқиб, теримда иштирок этган эди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати жорий йилнинг 29 сентябрь куни маълум қилган эди. Ўша куни 70 килограмм пахта терган онахон вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланган ҳам эди.
Орадан бироз вақт ўтиб, қарийб аср билан юзлашган онахоннинг пахта териши билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Хўш, аслида вазият қандай бўлган, онахонни кимдир пахта теришга мажбур қилганми?
Ушбу саволларга вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ойдинлик киритди. Онахон билан бўлиб ўтган мулоқотдан маълум бўлишича, Куйсиной она ўз хоҳиши билан пахта теримида иштирок этиб, ўша куни 70 килограмм пахта терган. Бола-чақадан тиниб, айни невара-чеваралар даврасида дам оладиган пайтида виждон амри билан пахтазорга отланган онахон бундан кейин ҳам пахта теришини маълум қилган.
– 16 ёшимдан буён пахта тераман, – дейди Куйсиной она. – Қувватим бўлса, завқим келгандан кейин тераманда. Ким мени мажбурлаб пахта теришдан тўхтатади? Қўлимдан боғлаб қўядими ёки? Ёки ким мени шу ёшимда пахта тер, деб мажбурлаши мумкин? Уйда зерикиб кетдим, ёққан ёмғир ичимга ёғди.