ЎзА Ўзбек

20.08.2018 20:51 Чоп этиш версияси

7 ойда “Ўзмиллийбанк” бўлим ва филиаллари кассаларига 4 247,3 миллиард сўм нақд пуллар кирим қилинган

7 ойда “Ўзмиллийбанк” бўлим ва филиаллари кассаларига 4 247,3 миллиард сўм нақд пуллар кирим қилинган Миллий матбуот марказида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан ташкил этилган навбатдаги анжуман пул муомаласини такомиллаштириш ва пластик карточкадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланди.

Банк бошқаруви раиси ўринбосари А.Курамбоев ва бошқалар мамлакатимизда пул муомаласини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат тизим фаолиятида, балки мижозлар учун катта қулайлик яратилишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Бундай ишлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг 7 ойи давомида “Ўзмиллийбанк” бўлим ва филиаллари кассаларига 4 247,3 миллиард сўм нақд пуллар кирим қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2500 миллиард сўмга ёки 243 фоизга ўсишга эришилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича барча турдаги иш ҳақи, пенсия нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар ўз вақтида мижознинг биринчи талабига мувофиқ мазкур банк томонидан молиялашган манбалар доирасида ойма-ой тўлиқ тўлаб берилмоқда. Жумладан, талаблар асосида ҳар ойда 17 та олис ва тоғли туманлардаги бюджет корхоналарининг иш ҳақи тўловлари тўлиқ нақд пулда, 8 та олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг камида 50 фоизи нақд пулда тўланаётир.

Қайд этилганидек, пластик карточкалар асосида нақд пулсиз тўлов тизимларини янада ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 1 август ҳолатига кўра, муомалага чиқарилган онлайн банк пластик карточкалар сони 1 956 453 тани ташкил этади. Уларнинг 1 829 998 таси миллий валютадаги ва 126 455 таси халқаро валютадаги тўлов пластик карточкалардир.

– Жорий йилнинг биринчи август ҳолати бўйича мижозлар учун 332 та инфокиоск ўрнатилган бўлиб, улар орқали уяли алоқа, коммунал хизматлар, кредит, бюджет ва бошқа тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилган, – деди “Ўзмиллийбанк”нинг чакана операциялар департаменти директори Маҳмаюсуф Набиев. – Банк тизимида фаолият кўрсатаётган банкоматлар сони 130 та, уларнинг 22 тасида халқаро пластик тўлов карталари қабул қилинади. Мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида жорий йил яна 85 та, 2019 йилда 200 та банкомат ўрнатилиши кўзда тутилган.

Тадбирда ушбу банк томонидан ўтган йил “Milliy” мобиль иловаси тақдим этилгани ва унинг қулайликлари, шунингдек, жорий йил мижозларга ҳавола этилаётган маблағларни картадан картага ўтказиш хизматлари, “электрон ҳамён” лойиҳаси, “оилавий” карта хизматлари ва уларнинг афзалликлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 697