ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

68 фоиз тадбиркор бизнеси ривожланиш истиқболларини "яхшиланмоқда"деб баҳолади

68 фоиз тадбиркор бизнеси ривожланиш истиқболларини "яхшиланмоқда"деб баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг июль ойида корхоналар ўртасида ўтказилган сўровнинг навбатдаги босқичини ўтказди. 

Марказ маълумотларига кўра, сўровномада мамлакатимиздаги 1003 та корхона қатнашган. Умуман олганда, 2020 йил июль ойида ишбилармонлик муҳити, ҳозирги ҳолат ва ривожланиш истиқболлари кўрсаткичлари ўртача пасайишни кўрсатган. Жорий кўрсаткичлар май ойи натижаларидан юқори.

Корхоналарни ўрганиш икки йўналишда олиб борилиб, бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш ва тадбиркорларнинг кейинги 2-3 ойда ўз бизнесларини ривожланиш истиқболларига бўлган умиди эъиборга олинди.

Бизнеснинг жорий ҳолат кўрсаткичи ўртача пасайишни кўрсатди ва ўтган ойга нисбатан 11 пунктга пасайган ҳолда 19 пунктни ташкил этди. Бу эса бизнеснинг жорий ҳолати билан боғлиқ ишбилармонлик кайфияти ўрта даража ижобий эканлигини англатади.

Сўров натижаларига кўра, корхоналарнинг 30 фоизи бизнеснинг ҳозирги ҳолатини "яхши", 47 фоизи "қониқарли" ва 23 фоизи "ёмон" деб баҳолаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сўровда иштирок этган корхоналарнинг 68 фоизи бизнесни ривожланиш истиқболларини "яхшиланмоқда", деб баҳолаган. 29 фоизи "ўзгармайди" ва фақат 3 фоизи "ёмонлашади", деб тахмин қилишган.

Сўровномада хизматларга бўлган талабни корхоналарнинг 65 фоизи “Яхшиланади”, 30 фоизи "Ўзгармайди", 5 фоиз и эса "Ёмонлашади", деб жавоб беришган.

Корхоналарнинг 36 фоизи ўз хизматлари нархларининг «ўсишини» кутмоқда. 61 фоизи нархлар «ўзгармайди» ва фақат 3 фоизи «пасаяди», деб фикр билдирган.

1 122
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА