ЎзА Ўзбек

27.08.2018 16:18 Чоп этиш версияси

61 оила уйли бўлди

61 оила уйли бўлди Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Тошкент вилоятида жисмоний имконияти чекланган, уй-жойга муҳтож бўлган 61 оилага янги уйлар калити топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу тоифадаги шахсларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш, ўз имконияти даражасида меҳнат қилишига имкон яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 

20.JPG 

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Бекобод шаҳридаги кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги нотурар жой хонадонларга мослаштирилиб, яшаш учун барча зарур шароитлар яратилди.

– II гуруҳ ногирониман, турмуш ўртоғим Зайнабхон ҳам II гуруҳ ногирони, – дейди М.Тожибоев. – Шу ҳолимизга янги уй-жой ҳақида орзу қилишдан қўрқардик, рости. Имконсиз мақсад ушалишини кутиш мантиқсиз эди-да ахир. Лекин барибир уй-жой орзуси юрагимизнинг қайсидир бир четида яшаётган эди. Мана бугун азалий орзуимиз ушалди. Бунинг учун аввало, Президентимизга, шу ишга бош қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирамиз. 

26-faqat saytga.JPG 

Замонавий қиёфа ва барча қулай шароитларга эга бўлган ушбу янги уй фойдаланишга топширилиши муносабати билан вилоятнинг Ангрен ва Чирчиқ шаҳарлари, Бекобод, Бўка, Оҳангарон, Пискент, Тошкент туманларидан ҳам ногиронлиги бўлган оилалар ўз уйига эга бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.

А.Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
2 903