ЎзА Ўзбек

29.07.2020 Чоп этиш версияси

6 минг 800 га яқин эҳтиёжманд оила қўллаб-қувватланди

6 минг 800 га яқин эҳтиёжманд оила қўллаб-қувватланди

Мамлакатимизда коронавирус ифекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу касалликнинг навбатдаги хуружи боис қайтадан кучайтирилган карантин шароитида молиявий ёрдамга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, хусусан боқувчисини юқотган, ёлғиз қариялар, ногиронлар, вақтинча ишсиз, даромадга эга бўлмаган фуқаролар оилаларини озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва бошқа зарур буюмлар билан таъминлаш мақсадида «Саховат ва кўмак »маркази ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолияти қайта тикланиб, самарали иш олиб бормоқда.

– Юзага келган муаммоларни бартараф этиш, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фаолиятини қайта бошлаган вилоят Ҳомийлик ҳайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказининг "CALL SENTER" маркази томонидан белгиланган ишлар тизимли олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Манзурахон Юнусова. – Айни кунда марказ томонидан эҳтиёжманд оилаларга зарур ёрдам кўрсатилмоқда.

photo5265215861914972119.jpg

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жамғарма қошида мурожаатларни қабул қилиш учун 1197 қисқа рақамли, вилоят бўйича (74) 225 28 25, (74) 225 18 28, (99) 992 14 01, (97) 580 61 11 рақамли телефонлар ишга туширилди. Марказ ва унинг туман, шаҳар бўлимларида 300 нафардан зиёд кўнгилли ёшлар (волонтёрлар) қўнғироқларга жавоб бериб, маҳсулотларни хонадонларга етказиб бериш билан шуғулланмоқда.

Жорий йил 15 июлдан шу кунга қадар "CALL SENTER"га аҳолидан 1 минг 800 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни имкон қадар ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Умуман, карантин тартиби жорий этилган пайтдан бошлаб, вилоят Саховат ва кўмак жамғармаси ҳисобидан 6 минг 846 та оилага 601 миллион 467 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилди. 

photo5265215861914972120.jpg

Жумладан, 7 минг 688 литр пахта ёғи, 6 минг 574 кило ун, 4 минг 408 кило шакар, 7 минг 972 кило макарон, 453 кило гўшт, 2 минг 646 кило товуқ гўшти, 16 минг 476 кило картошка, 16 минг 420 кило пиёз, 13 минг 606 кило сабзи, 10 минг 976 кило гуруч, 1 минг 500 кило қуруқ чой, 74 минг 850 дона тухум , 14 минг 104 дона гигиеник воситалар тарқатилди.

Саховат ва хайрия маҳсулотларини етказиб бериш ишлари махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган мутахассислар томонидан касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш ҳамда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

photo5265215861914972121.jpg

3 878
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА