ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

500 дан зиёд фуқаро хорижий давлатларга ишга бориш истагини билдирди

500 дан зиёд фуқаро хорижий давлатларга ишга бориш истагини билдирди

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида хорижга ишга борувчилар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 15 дан ортиқ хорижий ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган хусусий бандлик агентликлари 9 мингга яқин таклиф этилаётган иш ўрни билан қатнашди.

Меҳнат ярмаркасида кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Бу борадаги ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят бўлими раҳбари Улуғбек Юлдашев. – Меҳнат ярмаркасида амалдаги қонунлар доирасида хорижга бориб ишлаш тартиб-қоидалари, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва ҳимояси билан боғлиқ қатор масалалар хусусида иштирокчиларга кенг тушунчалар берилди.

Меҳнат ярмаркасида Россия, Корея, Польша давлатлари, шунингдек, юртимиздаги хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижга бориб ишлаш учун қатор иш ўринлари таклиф этилди.

– Агентлигимиз ушбу ярмаркада Болгария, Литва, Россия давлатларидаги транспорт корхоналари ҳамда тикув-трикотаж фабрикаларидаги иш ўринлари бўйича таклифлар билан қатнашмоқда, –дейди Тошкент шаҳридаги “Ford Inter business” хусусий бандлик агентлиги вакили Азиза Ҳабибова. – Тегишли ҳужжатлар, касбий тажриба ва малакага эга мутахассислар билан белгиланган тартиблар доирасида шартнома тузиб, юртдошларимизнинг хорижий давлатларга бориб ишлаши учун имкон яратиб берамиз.

Меҳнат ярмаркаси доирасида ўтказилган семинарда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассислари томонидан хорижга ишга бориб ишлаш тартиблари, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари кафолатлари, уларга бериладиган имтиёз ва молиявий ёрдамлар хусусида иштирокчиларга кенг тушунчалар берилди.

Меҳнат миграцияси масалалари бўйича фуқароларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.

Семинар давомида Андижон шаҳридаги “Bek JOBS” хусусий бандлик агентлиги томонидан Япония давлатига ишга юборилаётган 11 фуқарога Япония давлатига бориш учун визалар тақдим этилди. Визаларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов топширди.

Тадбирда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Россия халқлар дўстлиги университети ҳамкорлигида рус тилидан имтиҳонлар топшириш ва тегишли сертификатлар тақдим этиш, шунингдек, Ташқи миграция маркази қошидаги “Россия – Ўзбекистон” масъулияти чекланган жамияти томонидан Россияга ишга бормоқчи бўлган юртдошларимизга тегишли тартибда патентларни расмийлаштириб берилиши йўлга қўйилгани маълум қилинди. Бунинг тартиблари тушунтирилди.

– Хорижга бориб ишлаш учун фуқаро, энг аввало, бормоқчи бўлган давлатнинг тилини мулоқот даражасида билиши муҳимдир, – дейди Россия халқлар дўстлиги университети Мигрантлар таълим тайёргарлиги мактаби директори ўринбосари Андрей Колесников. – Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таклифига асосан, Россияга ишга бориш истагидаги юртдошларингизни рус тилини билиш бўйича синовдан ўтказиш ва синовдан муваффақиятли ўтганларга тегишли тартибда сертификатлар тақдим этиш хизматини ташкил этдик. Чунки Россия миграция қонунчилигига асосан, меҳнат мигранти албатта рус тилини билиши ҳақида сертификат соҳиби бўлиши лозим.

Меҳнат ярмаркасида Польша давлатининг “SOLONO Power Spdczak” компанияси, Россия давлатининг “Альфа Тех” жамияти таклиф этган иш ўринларига жуда кўп юртдошларимиз бориб ишлаш истагини билдирди.

– Мен Польшага бориб ишлаш ниятидаман, – дейди Хонобод шаҳри Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Улуғбек Азимов. – “SOLONO Power Spdczak” компанияси вакилларидан менга қандай талаблар қўйилиши, бажариладиган иш, иш ҳақи, имтиёзлар ҳақида зарур маълумотларни олдим.

Меҳнат ярмаркаси давомида 500 дан зиёд фуқаро хорижий давлатларга ишга бориш истагини билдириб, тегишли тартибда расмийлаштириш учун ҳужжатлар тақдим этди.

4 545
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА