ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

36 қоп мошни ўғирлаган «шоввозлар» жазоланди

36 қоп мошни ўғирлаган «шоввозлар» жазоланди

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани «Сарайкўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермер хўжалигининг омборхонасидан 36 қоп мош ўғирлаган Хоразм вилояти фуқаролари 1983 йилда туғилган Ж.Т. ва 1992 йилда туғилган C.К. суд томонидан тегишли жазосини олди.

Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди раиси Ибрайим Алланиязов маълум қилди.

Суд жараёнида таъкидланганидек, фуқаро Ж.Т. муқаддам, яъни 2011 йил 22 март куни жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судининг ҳукмига биноан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в,г» бандлари билан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш йўли билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 

Жиноят ишлари бўйича Урганч тумани судининг 2012 йил 30 январь кунги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2011 йил 5 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисидаги қарори 2-бандига асосан жазодан озод қилинган. Аммо, бундан тегишли хулоса чиқармасдан, яна жиноят содир этган.

Жумладан, шериги С.К. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, ўтган йилнинг 25 декабридан 26 декабрига ўтар кечаси «Сарайкўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермер хўжалигининг омборхонасидан ҳар бири 50 килограмм бўлган 36 қоп мошни ўғирлаб, фермер хўжалигига 12,6 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказган.

У ўн йилдан буён мазкур овул фуқаролар йиғини ҳудудида деҳқончилик қилди. Тузини еб, бола-чақасини боқди. Охир-оқибат аҳолининг ишончига кириб, ана шундай жиноятга қўл урди. Шеригига тегишли бўлган «Матиз» русумли автомашина билан ўзига аввалдан таниш бўлган овулдаги фермернинг омборхонасидаги мошни ўғирлаш учун Хоразмдан йўлга чиқди. Соат 19.00 чамасида Нукус шаҳридаги автовокзалга келиб, куннинг ботишини кутиб ўтирди. Тунги соат 23.00 ларда омборхонага келиб, мошни автомашинага юклай бошлайди.

Ҳаммасини бирданига олиб кетишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам 12 қопни юклаб, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи эски танишининг уйига олиб боради. Ҳеч нимадан хабари бўлмаган таниши бозорда дон савдо-сотиғи билан шуғулланиб юрган укасини чақиради. Аммо укаси нимадандир гумонланган ҳолда «булар ўғирлик эмасми, эртага бошимиз балога қолмайдими» деса, «йўқ, ўзимизнинг деҳқончилигимиз, овулга олиб кета олмадик, шу ерда пуллаб кетмоқчимиз»,-дея ишонтиради.

Эртасига фермер хўжалиги раҳбари омборхонасидан мош ўғирланганидан хабар топади. «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам ошкор бўлади»,-деганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўғирлик жинояти тезда фош этилади.

Суд жараёнида фуқаровий даъвогар сифатида иштирок этган С.О. 2019 йил 15 декабрь куни судланувчи С.К. га тегишли бўлган «Матиз» русумли автомашинасини жами 25 миллион сўмга сотиб олишга келишганини, шундан 15 миллион сўм пулни берганини, бу ҳақида тилхат ҳам олганини билдирди. У янги йилдан кейин қолган 10 миллион сўм пулни олиб, автомашинани номига расмийлаштириб беришини айтди. Шу боис автомашинасини олишда ёрдам беришни сўради.

Судланувчилар Ж.Т. ва C.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг «в,г» бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва уларга адолатли жазо тайинланди. Жиноят қуроли–судланувчи С.К.га тегишли бўлган «Матиз» русумли автомашина давлат эгалигига ўтказилди.

4 339
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА